Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО Россия ҳарбий самолётларининг Болтиқ узра парвозини тўсди
НАТО самолётлари 20 апрель куни Болтиқ денгизи устида парвоз қилган Россия бомбардимончилари ва қирувчилари гуруҳини тутиб қолди. Россия Мудофаа вазирлиги эса мазкур парвоз режали бўлгани ва “нейтрал сувлар устида” амалга оширилганини билдирди.
Фото: AP
20 апрель, душанба куни Болтиқ денгизи устида парвоз қилган Россиянинг стратегик бомбардимончилари, шунингдек, тезюрар ракета ташувчи-бомбардимончилари Ту-22М3 ҳамда Су-30 ва Су-35 қирувчиларини Франциянинг Rafale қирувчилари Швеция, Финляндия, Польша, Дания ва Руминия самолётлари билан бирга тутиб қолган. Бу ҳақда ҳодисадан кейинги куни — 21 апрель, сешанба куни Франция қўмондонлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, “йирикроқ стратегик бомбардимончилар”га ҳамроҳлик қилиш учун Россия навбат билан иккита Ту-22М3, шунингдек, тахминан 10 та Су-30 ва Су-35 самолётини жалб қилган. Литванинг Шяуляй шаҳридаги аэропортдан икки Rafale учувчисининг ҳавога кўтарилишига Associated Press агентлиги журналисти гувоҳ бўлган.
20 апрель куни Россия Мудофаа вазирлиги ҳам шу куниёқ Болтиқ денгизининг нейтрал сувлари устида “режали парвоз” амалга оширилганини маълум қилди. Қайд этилишича, Су-35 қирувчилари ҳамроҳлигидаги узоқ масофали Ту-22М3 бомбардимончилари тўрт соатдан ортиқ вақт парвоз қилган.
“Маршрутнинг айрим босқичларида узоқ масофали бомбардимончилар хорижий давлатлар қирувчилари кузатувида бўлди”, — дейилади хабарда.
Россия ҳарбий идорасига кўра, бундай парвозлар халқаро қоидаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Литва Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 13 апрелдан 19 апрелгача НАТО учувчилари Россия самолётларини тутиш учун тўрт марта ҳавога кўтарилган. Бу самолётлар парвоз қоидаларини бузгани айтилмоқда.
Бундай қоидабузарликлар қаторида транспондерларни ўчириб қўйиш, парвоз режасини тақдим этмасдан учиш, шунингдек, НАТО таъкидлашича, диспетчерлар билан алоқанинг мавжуд эмаслиги қайд этилган.