Ўзбекистон | 21:13
923
4 дақиқада ўқилади

«Марказий Осиё туризм ҳалқаси» ташаббуси ва электромобилни қувватлантириш бўйича қарор лойиҳаси – маҳаллий дайжест

Президент «Марказий Осиё туризм ҳалқаси»ни яратиш ташаббусини илгари сурди. Электромобилни қувватлантириш харажатларининг бир қисми қайтарилиши мумкин – қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ўзбекистонликлар май ойида неча кун дам олиши ҳақида маълумот берилди. Аҳолига бепул бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди.

Президент «Марказий Осиё туризм ҳалқаси»ни яратиш ташаббусини илгари сурди

Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 4 май куни Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

Давлат раҳбари дунёдаги нотинчлик туфайли миллионлаб сайёҳлар хавфсиз йўналишларни қидираётганини, Марказий Осиё эса зиёрат, маданий, гастрономик, этно, экстремал, тиббиёт каби туризм йўналишларида катта салоҳиятга эгалигини таъкидлади.

«Ўзбекистон мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратиб, зарур инфратузилма, сервис, виза ва транспорт, энг муҳими, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширди. Бунинг ҳисобига ўн йил ичида Ўзбекистонга хорижий туристлар оқими 6 карра ошиб, 12 миллион нафарга етди», деди президент.

Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорларни туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, биргаликда молиялаштиришга чақирди.

Электромобилни қувватлантириш харажатларининг бир қисми қайтарилиши мумкин – қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Энергетика вазирлиги «Электромобилларни қувватлантириш инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 майдан электромобилларни қувватлантириш шохобчаларида истеъмол қилинган 1 kW·h электр энергиясининг 300 сўмдан ошган қисмини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш таклиф этилмоқда.

Қарор лойиҳасида келтирилишича, транспорт соҳасида табиий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш, хусусан, метан ва бошқа углеводород ёқилғисида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларини босқичма-босқич электр энергиясига ўтказиш орқали ёқилғи истеъмолини қисқартириш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсад қилинган.

Ўзбекистонликлар май ойида неча кун дам олади?

Май ойида Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, Қурбон ҳайити муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари бўлади.

Президент фармонида 9 май (шанба) дам олиш кунига тўғри келгани сабабли бу дам олиш куни 11 май, душанба кунига кўчирилиши белгиланган.

Шу муносабат билан қуйидаги кунлари дам олинади:

- 9 май, шанба — одатдаги дам олиш куни;

- 10 май, якшанба — одатдаги дам олиш куни;

- 11 май, душанба — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кўчирилган дам олиш куни.

Ушбу фармонда иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 28 май (пайшанба), 29 май (жума) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун эса 30 май (шанба) қўшимча дам олиш кунлари этиб белгиланган. Агар Қурбон ҳайити 27 майга тўғри келса (ҳайит санаси бир кунга ўзгариши мумкин), якшанба ҳам дам олиш куни экани ҳисобга олинса, ўзбекистонликлар кетма-кет беш кун (27–31 май) дам олиши мумкин.

Аҳолига бепул бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Реимбурсация дастурига киритилган касалликлар ва уларни даволашда бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди. Ҳужжат 2027 йил 1 январдан кучга киради.

Рўйхат Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан келишилган бўлиб, унда онкологик, руҳий, юрак-қон томир, эндокрин ва бошқа касалликларни даволашга мўлжалланган 69 та дори воситаси белгиланган. Улар қаторида Аспирин, Бисопролол, Омепразол, Трамадол, Амброксол, Калий йодид, Гепарин каби дори воситалари бор.

Реимбурсация – харажатларни қоплаш бўлиб, сурункали касалликларни даволаш учун шифокор буюрган дорилар харажатини қоплашни назарда тутади. Бунда оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида бемор Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналардан дори воситаларини бепул олади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид