Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
5 кунда 40 та ҳолат: болалар буюм эмас
1-5 май кунлари республика бўйича болаларни ташиш билан боғлиқ 40 қоидабузарлик ҳолати аниқланган. ЙҲХХ айбдорларга маъмурий жазо қўлланганини билдирди. Ота-оналарнинг ўз фарзандлари хавфсизлигига нисбатан эътиборсизлиги таълим ва маҳалла тизимида ҳам тарғибот зарурлигини кўрсатмоқда.
Ҳудудларда йўловчи ташиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ аниқланаётган ҳолатлар асосан болаларга алоқадор. Бу ҳақда Kun.uz’га ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1-5 май кунлари республикада ЙПХ ходимлари томонидан болаларни ташиш билан боғлиқ 40 та қоидабузарлик аниқланган. Уларнинг барчасида ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли чоралар кўрилган.
“Damas’га 32 нафар, Spark’ка 18 нафар ёки Matiz’га 14 нафар болани хўжалик буюмини ортгандай миндириб, ташиш ҳолатларини кўряпмиз. Бу асосан хусусий боғчалар масъуллари қўшимча даромад олиш мақсадида болаларни уйларига етказиб беришни йўлга қўйган ҳолатларда учраяпти. Бироқ вояга етмаганларни ташишда қоидалар қўпол равишда бузилмоқда, уларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдираётган ҳолатлар ҳам бор”, дейди Зойир Йўлдошев.
Кузатилаётган ҳолатларда ота-оналар негадир ўз фарзандларининг хавфсизлигига нисбатан эътиборсиз бўлишган. Яъни улар болалар устма-уст тиқилган машинага ўз фарзандини ҳеч бир эътирозсиз миндириб юбораверишган. Бу муаммога қарши чоралар кўришда таълим ва маҳалла тизимида ҳам тарғибот ишлари олиб бориш зарурати борлигини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Навоий вилоятининг Нурота туманида 14 нафар болани (13 нафари боғча боласи, бири чақалоқ) ташиб кетаётган Matiz ЙТҲга учради. Оқибатда машинани бошқарган аёл вафот этди, болалар эса турли даражада тан жароҳати олди.
ЙҲХХ ҳолатга муносабат билдириб, машина ҳайдовчининг тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида йўлдан чиқиб кетиб ағдарилганини маълум қилди. Нурота тумани ҳокимлигига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси эса ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ ташкил этилганини билдирди.
Мавзуга оид
14:14 / 12.06.2026
Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
12:53 / 11.06.2026
Машинада унутиб қолдирилган боғча боласи димиқиб вафот этди. Бу Қашқадарёда бир йил ичидаги иккинчи шундай ҳодиса
22:12 / 06.06.2026
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди
13:52 / 26.05.2026