Жаҳон | 23:01 / 09.05.2026
1408
2 дақиқада ўқилади

Венгрия бош вазири президентни “имкони борида” истеъфога чиқишга чақирди

“Аввалги тизим хизматкорлари” истеъфога чиқиши шарт, деди ҳукуматнинг янги раҳбари Петер Можар. Унинг фикрича, бу биринчи навбатда президент Тамаш Шуйокка тааллуқли.

Фото: REUTERS

Венгриянинг янги бош вазири Петер Можар мамлакат президенти Тамаш Шуйокни 31 майдан кеч қолмасдан иистеъфога чиқишга чақирди.

У “аввалги тизимнинг сиёсий хизматкорларига айланган ёки ҳар доим хизматкор бўлган” амалдорлар жавобгарликни зиммасига олишлари ва лавозимидан воз кечишлари кераклигини айтди.

Можарнинг фикрича, Венгрия президенти сўнгги икки йил давомида Орбанни “ҳаттоки давлатнинг миллиардлаб маблағларини барча венгрларга нисбатан нафрат қўзғашга сарфлаганида ҳам” танқид қилмаган.

«У бу юридик ўзбошимчаликка умуман қаршилик қилмади. Қизиқ, бундан кейин у қандай қилиб миллат бирлигини ифодалаши мумкин? Имконинг борлигида кет», — деди Можар Шуйокка.

Можар 9 май куни бош вазирликка киришди. У 16 йилдан бери ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келаётган Виктор Орбаннинг ўрнини эгаллади.

Тамаш Шуйок 2024 йил мартидан буён президентлик лавозимида иш олиб бормоқда. Бунга қадар у мамлакат конституцион судини бошқарган.

Аввалроқ Можар ҳукуматни бюджет маблағларини ноўрин сарфлашда айблаганди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид