Жаҳон | 20:19
3910
12 дақиқада ўқилади

«Режа – ойига 30 минг кишини ўлдириш. Буни ортиғи билан бажаряпмиз» – Украиналик таниқли командир

Украинадаги энг машҳур ҳарбийлардан бири, дронлар бўлинмаси қўмондони, «Мажор» лақабли Роберт Бровди Россиянинг бир ярим, ҳатто икки минг километр масофадаги ички ҳудудлари ҳам энди хавфсиз ҳисобланмаслиги ҳақида гапирди.

Фото: «Птахи Мадяра»

Украинадаги энг машҳур ҳарбийлардан бири, дронлар бўлинмаси қўмондони, «Мажор» лақабли Роберт Бровди BBC мухбири Сара Рейнсфорд билан суҳбатда Россиянинг бир ярим, ҳатто икки минг километр масофадаги ички ҳудудлари ҳам энди хавфсиз ҳисобланмаслиги, Украина дронлари операторларига Россия ҳар ойда урушга ёллаётганидан кўра кўпроқ россияликларни ўлдириш бўйича тўғридан тўғри буйруқ берилгани ва улар бу режани ошиғи билан уддалаётгани ҳақида гапирди.

Апрел ойидан Украина Россиянинг ичкари ҳудудлари бўйлаб янада фаоллик билан зарба беришга киришди. Асосий эътибор нефтни экспорт қилишда фойдаланиладиган инфратузилмага қаратилмоқда – бундай объектларга ҳар қачонгидан жиддийроқ зарбалар берилиши бошланди.

Украина Учувчисиз тизимлар кучлари командири Роберт Бровди BBC мухбирига берган интервюсида (у журналистлар билан жуда кам мулоқот қилади) бундай зарбалар ортишда давом этишини маълум қилган. У шунингдек украин дронлари рекорд миқдорда россиялик ҳарбийларни ўлдираётгани ва шу орқали фронтда Россиянинг юриши тўхтатиб турилгани ҳақида гапирган.

«Энди Россиянинг 1500 километр ва 2000 километр ичкари ҳудудлари – фронтортидаги тинч жойлар эмас. Украинанинг ҳурликсевар „қушчаси“ қачон қаерни истаса, ўша ерга учади», – дея огоҳлантиради Роберт Бровди.

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг ичкари ҳудудларига зарбаларни «Москва учун жуда оғриқли» деб атайди ва улар Россия энергетика секторига «ўта жиддий» зарар етказаётгани, Яқин Шарқдаги вазият туфайли жаҳон бозорида нефт нархи кескин ошганига қарамай, Россия ўнлаб миллиард доллар зарар кўраётганини айтади.

Бундай ҳужумлар янада интенсив тус олгани технологиялар ривожлангани билан ҳам боғлиқ. Украинада ишлаб чиқарилаётган дронлар арзонроққа тушмоқда ва учиш масофаси узаймоқда: энди улар минг километрдан икки минг километргача масофани босиб ўта олади.

Уларнинг қаерга учиши ҳам муҳим. Россия жонли кучлари ва ҳарбий заводларига қўшимча равишда энди Россия энергетика экспорти ҳам устувор нишонга айланди.

«Путин табиий ресурсларни қазиб олиб, уларни қонли долларларга айлантирмоқда. Улар ўз еридаги ерости бойликларини долларга айирбошлайди, кейин эса „шаҳид“лар ва баллистик ракеталар кўринишида бизга қарши йўналтиради», – дея бундай зарбаларни изоҳлайди Бровди.

Қора денгиз соҳилидаги Туапсе шаҳри аҳолиси маҳаллий нефт терминали кетма-кет зарбалар остида қолганидан кейин токсик ёмғирлардан азият чекди. Аммо Бровди пинагини бузмайди.

«Агар нефтни қайта ишлаш заводлари – ресурсларни пулга айлантириш воситаси бўлиб, бу пуллар кейинчалик урушга сарфланадиган бўлса – улар қонуний нишонлардир. Шунинг учун улар ҳеч қандай саволсиз йўқ қилиниши керак», – дейди у.

Учувчисиз тизимлар кучлари командири осмондаги урушни ер остида чуқур жойлашган махфий бункерда туриб олиб бормоқда. Журналистларни у билан учрашувга деразалари тўлиқ ёпилган фургонда олиб боришган, журналистлар зина орқали пастга тушиб, сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган, шифтдан полгача экранлар билан тўлдирилган ғорда пайдо бўлишган.

Хонада электрон ускуналарнинг сигналлари янграйди, футболка ва ҳуди кийган ўнлаб ҳарбийлар клавиатура ва жойстиклар устига энгашиб, янги маълумотларни қабул қилишади. Улар бу ерга тўғридан тўғри жанг майдонидан, «Кит Кат» ва «Анталия» каби лақабли дрон операторларидан келадиган видеотасвирларни кузатиб боришади.

Бровди бошқарувидаги Учувчисиз тизимлар кучлари Украина армиясининг атиги 2 фоиз қисмини ташкил этади, аммо командирнинг айтишича, барча нишонларнинг учдан бир қисмини айнан улар йўқ қилмоқда. Бровди ўз бўлинмаси йўқотишларини яширмайди: йилига 1 фоиз.

Ҳеч бир истисносиз барча зарбалар видеокамераларга ёзилади ва рўйхатга олинади. Мониторлардан бирида зарбалар натижалари тўғрисидаги маълумотлар жадвали намойиш этилади ва у реал вақт режимида янгиланади.

Сўнгги бир ҳафта ичида Бровди оккупация остидаги ҳудудларда Россия Федерал хавфсизлик кучларининг 10 дан ортиқ зобити, шунингдек, Россиядаги кўплаб энергетика объектлари нишонга олингани ҳақида хабар беради. У Путин ўз ғалабалари ҳақида, айниқса, бир неча ой ичида Донбасснинг бутун ҳудудини босиб олиш бўйича қўйилган вазифа бажарилганини эълон қила олмаслиги учун дронлар бўлинмаси муҳимлигини таъкидлайди. «Бу реалликдан йироқ, тушуняпсизми, биз буни узоқ йилларга чўзамиз», – дейди Бровди кескин оҳангда.

Роберт Бровди – Украина ғарбидаги Ужгород шаҳридан бўлган этник венгр. «Мадяр» (Мажор) чақирув белгиси ҳам унинг миллатига ишора қилади. Россиянинг кенг кўламли босқинидан олдин Бровди йирик тадбиркор эди. Украинанинг Forbes нашри уни ишбилармонлар доираларда яхши танишларини таъкидлайди. 1990-йиллардан бошлаб у турли соҳаларда: савдо, кўчмас мулк ва давлат аграр секторида тадбиркорлик билан шуғулланган. У билан боғлиқ компаниялар Украинанинг энг йирик дон экспорт қилувчилари бешлигига кирган.

Тўрт йил олдин ҳам Бровди ўзини лойга ботган хандақларда эмас, Christie's каби аукцион уйларда юрарди. Урушга қадар у соқол-мўйловини силлиқ қилиб қиртишларди, энди эса оқ оралаган узун малла соқол қўйиб олган.

Тадбиркор Россиянинг кенг кўламли босқини арафасида кўнгилли сифатида Украина армиясига қўшилади. «Барча уруш муқаррарлигини тушуниб турарди», – дейди у.

Унинг бўлинмаси аввалига ҳудудий мудофаа кучлари таркибида Ирпин, Буча ва Бородянка каби аҳоли яшаш манзилларида эвакуация билан шуғулланган.

У дронларнинг катта салоҳиятини илк бор Херсон яқинида россияликлар зарбаси остида қолганида ўз танасида ҳис қилади. Бровди шундан кейин бир пайтлар фарзандлари учун сотиб олган дронини эслайди ва ўз бўлинмасини шунга ўхшаш қурилмалар билан таъминлай бошлайди. Тўсатдан у Россия позициялари устига кўтарилиб, тасвирларни қўшни артиллерия бўлинмасига узатиш имкониятига эга бўлади. «Бу ғоя дастлаб фақат ўз-ўзини сақлаш нуқтайи назаридан ишлаб чиқилган эди, аммо энди у жанг майдонини бутунлай ўзгартириб юборди», – деб тушунтиради у.

Бир неча ой ўтиб ҳарбийлар ўз дронларини йиғиб, уларга ўқ-дориларни жойлаштира бошлайди. Улар «Мадяр қушлари» 414-бригадаси сифатида ном қозонади.

Уруш давомида Бровди бошчилигидаги «Мадяр қушлари» кичик ҳарбий гуруҳдан алоҳида баталёнгача бўлган йўлни босиб ўтди. Улар Киев, Херсон, Донецк, Харкив областларида, жумладан, Соледар, Бахмут, Авдийивка, Старомайорское ва Кринки учун жангларда қатнашган.

2024 йил бошида бўлинма расмий равишда Украина қуролли кучлари денгиз пиёдаларининг 414-алоҳида зарбдор учувчисиз авиация тизимлари баталёни мақомини олди. Бровди унинг қўмондонига айланади. 2025 йил май ойида Володимир Зеленский унга Украина Қаҳрамони унвонини беради, бир ой ўтгач эса уни Украина қуролли кучлари Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони лавозимига тайинлайди.

Бровди Украина армиясининг энг машҳур қўмондонларидан бирига айланди. У ўз телеграм-каналида мунтазам равишда Украина дронлари томонидан рус аскарларининг ўлдирилиши ҳақидаги видеоларни эълон қилади ва душманнинг йўқотишларини ҳисоблаб боради, каналда 530 мингдан ортиқ фойдаланувчи бор.

Бровдининг стратегияси фақат узоқ масофали зарбалар устига қурилмаган.

У бошқа устувор йўналиш – Россиянинг жонли кучдаги устунлигини камайтириш ҳақида ҳам кўп гапиради. Бу муаммо одамларни фронтга сафарбар қилиш тобора қийин бўлиб бораётган Украина учун долзарб аҳамият касб этган. «Жанг қилишни хоҳловчилар аллақачон жанг қилмоқда», – деб тан олади Бровди.

Шунинг учун унинг қўл остидагиларга ҳар ойда Москва ўз армиясига жалб қилаётганидан кўра кўпроқ россиялик ҳарбийларни ўлдириш бўйича буйруқ берилган. Бу кўрсаткич – ойига 30 мингдан ортиқ кишини ташкил этади.

«Жонли кучлар бўйича режа ўрнатилган – Учувчисиз тизимлар кучлари зарба берадиган барча нишонларнинг 30 фоизи. Бугунги кунда гуруҳ бу режани 30 фоиз ўрнига 34 фоиз қилиб бажармоқда. Факт бўйича барча нишонларнинг 34 фоизи – душманнинг жонли кучларига алоқадор нишонлардир», – дейди Бровди.

Унинг сўзларига кўра, қаторасига тўртинчи ойдирки бу мақсадга эришилган.

Бровди ўз қўли остидагилар ҳар бир нишон йўқ қилинганини видеоёзув орқали тасдиқлаши кераклиги, акс ҳолда бу статистикага киритилмаслигини таъкидлайди.

Бундай шафқатсиз видеоларнинг баъзилари бункер экранларида доимий равишда кўрсатиб турилади, Бровди уларни телеграмда ҳам эълон қилади, у ерда у ўз дронларини «қушлар», уларнинг россиялик қурбонларини – овлаш ва йўқ қилиш керак бўлган «қуртлар» деб атайди. «Бу хонадан инсоният тарихидаги энг оммавий душман ўлдирилиши амалга оширилмоқда, сиз турган мана шу хонадан», – дейди у атрофдаги экранларга ишора қилиб.

Бу паст овозда гапираётган одамнинг оғзидан чиққан шафқатсиз сўзлар, аммо Бровди ўзини «рақибнинг жонли кучига нисбатан қандайдир ачиниш ҳисси қийнаслиги»ни айтади.

У Россия қўшинлари ўз чегараларидан анча узоқда ҳаракат қилаётгани ва Путин «украинларни мустақил миллат сифатида йўқ қилишни энг устувор вазифаси» деб билиши туфайли уларни юборганини айтади. «Агар биз уларни ўлдирмасак, улар бизни ўлдиради, бу ҳаммага тушунарли», – дея хулоса қилади Бровди.

Командир «ҳеч қандай пушти кўзойнак» йўқлигини таъкидлайди. «Бизда душманни тўхтатиш учун ишлатилиши мумкин бўлган самарали восита, самарали қурол бор, ҳужум ҳаракатларини олиб бориш учун эмас, балки душманнинг бизнинг ҳудудимизда самарали ҳаракатланишига йўл қўймаслик учун», – дейди у.

У, шунингдек, Владимир Путин босқинни тугатишга қодир эмаслиги, чунки мағлубият билан боғлиқ сиёсий хавф жуда катталигини қайд этади.

Шунинг учун Бровдининг яна бир мақсади бор: россияликларнинг руҳиятини синдириш.

Украинанинг узоқ масофага учувчи дронлари Россия ичкарисидаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба бермоқда.

У ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони – мамлакат чегараларидан узоқда жойлашган энергетика объектларидаги улкан ёнғинлар билан биргаликда – Россияда «маълум бир бижғиш» ҳосил қилишига умид қилмоқда. У жамиятда шок юзага келишини кутмоқда.

У Украинада кенг тарқалган видеолардан бирини келтиради – унда Туапседаги россиялик аёл йиғлаб гапираётгани акс этган. «Мен шунчаки болам билан денгизда яшашни хоҳлардим. Лекин денгиз мазут билан тўла. Ҳаммаси расво бўлди. *** [Нима] қилиш керак ўзи? *** [лаънатилар] дронлар учиб юрибди, ҳамма нарсани сочиб ташламоқда», – дейди у ҳўнграб сўкинганча.

Бровди учун бу Россия босқини ва Украинанинг кучли жавоби оқибатлари – сўнгги пайтлардаги каби чекланган эмаслигидан далолат беради.

Унинг вазифаси – у юборган ҳар бир дрон тобора кўпроқ россияликни ўз мамлакати олиб бораётган урушга ва уни бошлаган президентни қўллаб-қувватлашга шубҳа билан қарашга мажбур қилишдир.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид