Шавкат Мирзиёев 6 апрел куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, тизимни изчил ислоҳ қилиш орқали 2030 йилга бориб, солиқ тушумларини 491,5 триллион сўмга етказиш, иқтисодиётда кузатилмайдиган улушни эса 28 фоиздан 19,6 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.
Йиғилишда солиқ тушумларини оширишдаги энг катта захира яширин иқтисодиётни қисқартириш экани таъкидланган.
Президент рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, “ақлли” назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу савдо ва хизматлар, саноат, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда бошқа соҳаларда P2P-операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш, рақамли назоратни кучайтириш, юкларни ҳужжатсиз ташиш фаолиятини автоматик аниқлаш ва норасмий бандликни расмийлаштириш каби механизмлардан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланиши мумкин.
Бозорлар ва савдо мажмуаларида назорат тўлиқ йўлга қўйилмагани, рақамлаштириш ишлари етарли эмаслиги оқибатида ушбу йўналишдаги имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Бугунги кунда бу ерларда 72 мингдан ортиқ чакана савдо субъекти фаолият юритмоқда. Бироқ уларнинг 38 мингдан ортиғи товар айланмасини ойига 1 миллион сўмдан кам кўрсатган, 40 мингдан зиёди эса кунига атиги 2-3 та чек бермоқда. Шунингдек, бозорлардаги 12 мингта савдо нуқтаси бўйича ижара шартномалари ҳисобга қўйилмаган. Натижада 37 минг тадбиркор ойига 500 минг сўмдан кам солиқ тўлаган.

Шу боис, бозорлар ва савдо мажмуаларини тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига қўшимча тушум манбаларини ишга солиш, назорат, солиқ хизмати ва рақамли кузатувни ўзаро интеграция қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда стратегик бўлмаган йирик солиқ тўловчиларга ҳудудларда хизмат кўрсатиш масаласи ҳақида ҳам сўз борди.
Хусусан, 209 мингта ҚҚС тўловчи солиқ органларидан узоқда жойлашгани сабабли хизмат кўрсатиш ва назорат самарадорлиги пасайгани қайд этилди. Шу муносабат билан 500 та стратегик бўлмаган корхона назоратини вилоят даражасига, 103 мингдан зиёд қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини туман даражасига ўтказиш таклиф қилинди. Мазкур ёндашув солиқ тўловчиларга жойида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, муаммоларни тезкор ҳал қилиш ва назорат самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.










