Ўзбекистон | 08:59
556
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний тиббиёт буюмлари савдоси фош этилди

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирларда дорихоналардан ташқарида йирик миқдорда тиббиёт буюмларини ноқонуний сотиш билан шуғулланган бир неча шахс ушланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.А. 58 500 дона тиббиёт қўлқопи, 1 000 дона томизғич (пипетка), 4 000 дона нитровинил қўлқоп ва 25 ўрам жгутни фуқаро Х.А.га 9 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.

Шунингдек, фуқаро А.Ю. 5 980 дона ингаляция ниқоби, 34 дона ингаляция ускунаси ҳамда физиотерапия учун мўлжалланган 100 қути игналарни 17 100 АҚШ долларига дорихонадан ташқарида сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими иштирокида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фуқаролар О.К., У.К. ва М.М. 62 дона Almac-01 физиотерапия ускунаси, 2 дона Yuwell ҳаво сўргич аппарати ҳамда 2 дона тез тиббий ёрдам сумкасини 158,5 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси — сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббий буюмларни ноқонуний муомалага киритиш ҳамда уларни дорихоналардан ташқарида сотиш билан боғлиқ моддаси асосида жиноят ишлари қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид