Ўзбекистон | 15:46 / 31.03.2026
6699
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда сунъий ёмғир ёғдирилади — президент фармони

Тошкент шаҳри ҳавосини яхшилаш мақсадида, пойтахт ва Тошкент вилоятида намлик паст бўлган ҳудудга 2027 йил 1 октябргача сунъий ёмғир ёғдириш учун керакли асбоб-ускуналар ўрнатиладиган бўлди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш ва сунъий шамол технологиясини босқичма-босқич жорий қилиш чоралари кўрилади. Бунинг учун ижобий синовдан ўтган хорижий тажриба ўрганиб чиқилади.

Ҳаво сифатини яхшилашга оид президент фармони билан, Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва Олий таълим вазирлигига шундай топшириқ берилди.

Унга кўра, 2027 йил 1 октябрга қадар пойтахтнинг атмосфера ҳавосини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида намлик паст бўлган ҳудудга сунъий ёмғир ёғдириш учун керакли асбоб-ускуналар ўрнатилади.

Бунинг учун маблағ Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасидан ажратилади.

Сунъий ёмғир технологиясини жорий этиш аввалроқ 2026 йилги давлат дастурига ҳам киритилган эди. Дастурга асосан, 2026 йил 1 мартдан бошлаб амалий пилот лойиҳани ишлаб чиқиш, пилот тажрибалар доирасида камида 3–5 та амалий синов ўтказиш, бу орқали ёғингарчилик ўзгариши табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга ўсишини таъминлаш кўзда тутилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид