Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳақиқат эмас, гап ким томонидан айтилаётгани муҳим эди / 5 дақиқа
Кўчанинг ўртасидаги оддий жанжал баъзан китоблардаги энг катта фалсафадан ҳам кучлироқ таъсир қилади. Чунки катта ҳақиқатлар доим ҳам уруш ёки фожиа орқали очилмайди. Баъзан битта итнинг ҳуриши, бир одамнинг бақириши ва атрофга тўпланган оломоннинг муносабати бутун жамиятнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиб қўяди.
5 дақиқа’нинг навбатдаги сонида Антон Чеховнинг “Буқаламун” ҳикояси ҳақида гаплашамиз.
Асар воқеалари жуда тез бошланади. Кўчада шовқин кўтарилган. Одамлар нимадир атрофида тўпланиб туришибди. Шу пайт полиция назоратчиси Очумелов пайдо бўлади. Унинг қиёфасида мансабдорларга хос жиддийлик бор. У майдонга келиши биланоқ ўзини тартиб ва қонун рамзи қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Гўё ҳозироқ адолат қарор топадигандек.
Маълум бўлишича, жанжалга кичик бир ит сабаб бўлибди. У бир одамнинг бармоғини тишлаб олган. Жабрланган Хрюкин буни катта воқеага айлантириб, атрофдагиларга жароҳатини кўрсатяпти.
Очумелов дастлаб ҳолатга жуда кескин муносабат билдиради. У дарров итни жазолаш, эгасини топиш, тартиб ўрнатиш ҳақида гапира бошлайди. Унинг ҳаракатларида “мен қонунман” деган кайфият бор эди. Лекин асарнинг ҳақиқий кучи ҳам айнан шу ердан бошланади.
Кимдир итнинг эгаси катта амалдорлардан бири бўлиши мумкинлигини айтади. Ва шу заҳоти Очумеловнинг бутун оҳанги ўзгаради. Ҳозиргина қаттиқ жазо ҳақида гапираётган одам бирдан юмшаб қолади. Итга раҳми кела бошлайди. Жабрланган одамнинг ўзига эса шубҳа билан қарайди. Гўё, айбдор энди у бўлиб қолгандек.
Бу ҳолат ўқувчига кулгили кўринади. Бироқ Чехов бу кулгини шунчаки ҳазил учун ишлатмайди. У одам табиатидаги оғриқли нуқтани очади. Чунки Очумелов ҳақиқатга қараб эмас, ким кучли эканига қараб қарор чиқаряпти. Асардаги энг қўрқинчли нарса ҳам шу: ҳақиқат ўзгаргани йўқ, муносабат ўзгармоқда, холос.
Орадан бироз ўтиб яна бошқа гап чиқади. Ит эҳтимол у одамники эмасдир. Ва яна вазият тескари айланади. Очумелов яна қаттиққўл тусга киради. Овози яна баландлашади. Яна қонун, жазо, тартиб ҳақида гапира бошлайди. Кейин яна янги тахмин пайдо бўлади ва яна муносабат ўзгаради.
Асар давомида шу ҳолат бир неча марта такрорланади. Ҳар сафар итнинг кимга тегишли экани ҳақида янги фикр чиқиши билан Очумеловнинг “ранги” ўзгариб бораверади. Бир лаҳзада қаттиққўл амалдор, кейин меҳрибон ҳимоячи, ортидан яна ғазабланган полициячи. Ва бу ўзгаришлар шунчалик тез кечадики, ўқувчи кулиб юбормасдан иложи йўқ.
Лекин “Буқаламун”нинг кулгиси одатдаги кулги эмас. Бу - аччиқ кулги. Чунки ҳикоя тугагунча ўқувчи бир ҳақиқатни англай бошлайди: бу ерда ҳеч ким адолатни изламаяпти. Ҳамма ким кучли эканини билишга ҳаракат қиляпти. Шунинг учун воқеадаги ҳар бир инсон муҳитга қараб ўзгариб бораверади.
Очумелов ягона эмас. У - мансаб олдида ўзгариб турадиган инсон тимсоли. Унинг ҳар бир ҳаракатида қўрқув бор. У кучли одамга қарши чиқишдан қўрқади. Шунинг учун ҳақиқатни эмас, хавфсиз томонни танлайди. Ва энг қизиғи, у буни ўзига ҳам сездирмасликка ҳаракат қилади. У ҳар сафар ўз фикрини “мантиқ” билан асослашга уринади.
Жабрланган дўстимиз Хрюкин ҳам ажойиб. У аввал ўзини ҳақ томонда деб ҳис қилади. Бармоғини ҳаммага кўрсатиб, адолат талаб қилади. Аммо вазият ўзгаргани сари у ҳам секин орқага чекина бошлайди. Гўё ҳақиқатнинг ўзи ҳам мансаб қаршисида ожиз қолади.
Эҳтимол, “Буқаламун”нинг энг оғир ҳақиқати ҳам шу. Биз асарни ўқиб Очумелов устидан куламиз. Лекин китоб ёпилгандан кейин бир савол ўқувчини безовта қила бошлайди: хўш, биз мансаб олдида турланмаяпмизми?
Мавзуга оид
17:10 / 09.05.2026
Миллатнинг энг узун ва қоронғи кечаси ҳақида биласизми? / 5 дақиқа
19:35 / 26.04.2026
Ёқиб юборилган китоб – режиссёрлар бу асарни саҳналаштиришдан қўрққан / 5 дақиқа
22:08 / 18.04.2026
Дунёни ўзгартиришга бўлган сўнгги уриниш - хаёлпараст рицарнинг мағлубияти / 5 дақиқа
16:57 / 11.04.2026