Қодирий қатл этилганига қарийб тўқсон йил бўлди. У “Ўткан кунлар” романининг давомини орадан юз йил ўтиб ёзди, десам ишонасизми? Адабиётда шунақаси ҳам бўлиб туради. Фараз қилинг, Қодирийнинг қўлёзмаси - “Ялдо кечаси” топиб олинди ва уни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов оққа кўчирди.
Бу тарихий роман миллатнинг жуда узоқ чўзилган қоронғи кечалари, Туркистоннинг ҳақиқий қайғуси ҳақида ҳикоя қилади. «5 дақиқа»нинг навбатдаги сонида шу ҳақида гаплашамиз.
“Ялдо кечаси” адабий мистификация усулида ёзилган. Бу шундай услубки, гўёки Абдулла Қодирий ёзишга ёки айтишга улгурмаган миллий қисмат ҳақидаги ҳикоя бошқа бир қалам орқали давом эттирилаётгандек таассурот уйғотади.
Қодирийнинг асари Отабекнинг Оқ пошшо қўшинларига қарши курашда шаҳид бўлиши билан якунланади.
“Ялдо кечаси”да эса Отабек Қўқон хонининг норасмий маслаҳатчиси сифатида намоён бўлади. У Марказий Осиёнинг ўша пайтдаги тумшуғидан нарини кўрмай қўйган сиёсий элитасини - хонликларни бирлаштириш, муроса қилдириш йўлида ҳаракат қиларди. Амиру хонларимиз эса ўзаро зиддиятда, бир-бирининг гўштини ейишга тайёр, миллатнинг аҳволу саъжияси ундан ҳам аянчли эди.
Қодирий миллий фожианинг бошланишини кўрсатган бўлса, Хайриддин Султонов унинг кейинги босқичларини - мустамлака, жадидчилик, маърифат кураши, совет истибдоди ва миллий хотиранинг янги синовларини очиб беради. Шу маънода Ёдгорбек образи Отабекнинг маънавий вориси сифатида гавдаланади. Улар орасида қариндошликдан кўра ғоявий боғлиқлик кучлироқ эди. Иккаласи ҳам миллат тақдири учун яшайдиган, замондан олдин туғилган инсонлар эди.
Ёдгорбек янги услубдаги “Нажот” мактабини қуради. Бу орқали жадидчилик оддий таълим ислоҳоти эмас, балки миллий қутқарув ҳаракати сифатида талқин қилинади. Муаллиф мактаб қурилишини худди муқаддас иморат барпо этилаётгандек тасвирлайди.
Ёдгорбек миллатни қутқаришнинг ягона йўли илм ва онг уйғониши эканини англайди. У қурдирган мактаб тасвири орқали муаллиф икки қатлам тўқнашувини кўрсатади: бири - асрлар давомида қотиб қолган жаҳолат муҳити, иккинчиси - янгиланишга интилаётган миллий тафаккур. Мактаб атрофида тарқалган миш-мишлар, “кофирона даргоҳ”, “бутхона”, “Инжил” ўқитилар экан” деган тўҳматлар жамиятнинг маънавий аҳволини очиб беради.
Мана шундай оғир ижтимоий муҳит ичида зиёли бўлмоқ ҳам азоб эди.
















