Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европанинг йирик мудофаа лойиҳаси барбод бўлди, Си Шимолий Кореяга келди – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трампнинг чақириқлардан кейин Исроил ва Эрон тўхтади
Душанба куни Эрон ва Исроил АҚШ президенти Доналд Трампнинг чақириғидан сўнг бир-бирларига қарши ҳужумларни тўхтатганини маълум қилди. Аммо Исроил ҳарбий мулозими мамлакат операцияларни «қанча керак бўлса, шунча давом эттиришга» тайёрлигини билдирди.
Эрон расмийлари ҳам шунга ўхшаш қатъий оҳангда жавоб беришди. Тасним нашри иқтибос келтирган ҳарбий манбага кўра, Теҳрон узоқ муддатли можарога тайёр ва минтақадаги АҚШ манфаатларига қарши зарбаларни қайта тиклаши мумкин. Шу билан бирга, агар Исроил «Ҳизбуллоҳ»га зарба беришда давом этса, Теҳрон ҳарбий ҳаракатларни қайта тиклаши ҳақида огоҳлантирди.
Ушбу ҳужумлар фонида Ямандаги ҳусийлар ҳам Қизил денгизда Исроил кемаларининг ҳаракатланишини тўхтатишга ваъда берди ва Исроилга қарата ракеталар отган. Кейинчалик Исроил ҳарбийлари Эйлат ҳудудида Ямандан учирилган шубҳали ҳаво нишони уриб туширилганини тасдиқлади.
Аввалроқ Трамп Исроил ҳам, Эрон ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатишни хоҳлаётганини айтди. «Агар жаҳолат ёки аҳмоқлик халақит бермаса, ʼТинчликʼ бўйича якуний музокаралар давом этмоқда», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Axios нашрига берган интервюсида Трамп Нетаняҳуни огоҳлантирганини айтди: «Мен унга: ʼБиби, эҳтиёт бўлганинг маъқул, акс ҳолда тез орада мутлақо ёлғиз қоласанʼ, дедим», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда нашр.
Доналд Трамп, шунингдек Қўшма Штатлар яқин икки ҳафта ичида Эрон устидан «мутлақ ғалаба» эълон қилишини маълум қилди.
«Биз жуда муросасиз жамоа бўлдик ва ўйлашимча, ушбу жангда ғалаба қозонмоқдамиз. Бироқ яқин икки ҳафта ичида биз мутлақ ғалаба эълон қилганимизда, сиз ҳақиқатан ҳам ғалаба қозонасиз», деди Трамп сенатор Линдси Гремни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган тадбирда.
«Бу мутлақ ғалаба бўлади. Бу жуда яқин орада юз беради ва нефт нархи кескин тушиб кетади», дея қўшимча қилди АҚШ етакчиси.
АҚШнинг Ливандаги элчиси Мишел Исса душанба куни Ливан–Исроил музокаралари Вашингтонда қайта тикланиши режалаштирилганини маълум қилди.
Си ва Ким учрашуви
Сўнгги етти йилда илк марта Пхенянга келган Хитой раиси Си Жинпинг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан сиёсат, иқтисодиёт ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Шимолий Корея етакчиси хитойлик меҳмонлар шарафига концерт ва зиёфат уюштирди.
Хитой давлат ОАВларига кўра, Ким Чен Ин Си Жинпингга халқаро вазиятдаги ўзгаришлардан қатъи назар, Пекиннинг Тайван борасидаги позициясини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Ушбу хайрихоҳлик баёнотларига қарамай, таҳлилчилар ташрифнинг расмий якуний ҳисоботларида бир-бирига зид бўлган устувор йўналишларни кўрмоқда.
«Шимолий Корея ўзини тобе, қарам ёки шунчаки ёрдам олувчи томон қилиб кўрсатиши мумкин бўлган элементларни олиб ташлади ва муносабатларни тенг ҳуқуқлилар ўртасидаги алоқа сифатида қайтадан шакллантирди», дейди Корея миллий бирлашиш институти таҳлилчиси Хонг Мин.
Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари Пхеняннинг ядровий қурол дастури ёки АҚШ билан муносабатлари музокараларда тилга олинган-олинмагани ҳақида ҳеч нарса демади. «Синхуа» агентлиги хабарига кўра, Си Пекин умумий манфаатларни ҳимоя қилиш мажбуриятидан ҳеч қачон чекинмаслигига ваъда берган.
Шунингдек, таҳлилчилар Ким Чен Ин Трамп билан қайта учрашишидан олдин Хитой раҳбари билан ўзаро маслаҳатлашиб олиш эҳтимолини ҳам рад қилмаяпти.
Франция ва Германия ҳарбий келишуви амалга ошмади
Йиллар давомида кузатилган ички низолардан сўнг Франция ва Германиянинг янги авлод қирувчи самолётини биргаликда яратишга қаратилган лойиҳаси бутунлай барбод бўлди.
Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэл Макрон ўтган ҳафтада «Dassault» ва «Airbus» компаниялари асосий келишмовчиликларни ҳал қила олмагани борасида якдил фикрга келишган.
2017 йилда йўлга қўйилган «Келажак жанговар ҳаво тизими» дастури тахминан 2040 йилга бориб «Eurofighter» ва «Rafale» қирувчи самолётлари ўрнини босувчи янги авлод ҳарбий самолётини яратиши керак эди.
Қиймати 100 миллиард евродан ошаётган ушбу лойиҳа бир пайтлар Франция–Германия ҳарбий бирлигининг рамзи сифатида эътироф этилган, аммо саноатга оид низолар гирдобида қолиб кетди. Хусусан, Франциянинг қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи гиганти «Dassault Aviation» лойиҳа устидан сезиларли даражада кўпроқ назорат талаб қилди.
Ҳар икки компания лойиҳанинг кейинги босқичи назорати, интеллектуал мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи ва энг асосийси — самолётга қўйилаётган турлича талаблар борасида ўзаро тўқнаш келди.
Натижада Европанинг энг йирик мудофаа лойиҳаларидан бири бекор қилинди. Ушбу қарор — Россиянинг Ғарбга таҳдидлари ортиб бораётган пайтга тўғри келмоқда.
Германия ва Франция эндиликда самолётлар, дронлар ва датчикларни бирлаштирувчи «Жанговар булут» технологиясига эътибор қаратишни режалаштирмоқда.
Филиппинда даҳшатли зилзила
Филиппин жанубидаги Минданао ороли қирғоқлари яқинида юз берган 7,8 магнитудали зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 35 кишига етди. Филиппин расмийларининг билдиришича, яна 134 киши жароҳатланган ва 10 мингга яқин оила ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Зилзила душанба куни маҳаллий вақт билан соат 07:37 да содир бўлиб, Филиппин, Индонезия, Япония ва Австралияда цунами хавфини келтириб чиқарди. Дастлабки зилзиладан кейин 130 дан ортиқ афтершоклар қайд этилди. Шунингдек, кечга бориб Балут ороли яқинидаги денгиз ҳудудида 5,7 магнитудали яна бир зилзила юз берди.
Қарийб 8 балли тонгдаги зилзила видео ва фотосуратларида биноларнинг қулаши, айримлари вайронага айлангани тасвирланган кадрлар кўринган. Баъзи ҳудудларда эса ер кўчишлари қайд этилган.
Ғарбий Давао провинциясида бошланғич мактаблардан бирида олинган видеода ўнлаб ўқувчиларнинг силкинаётган ерда чўккалаб ўтирганини кўриш мумкин. Видеода уларнинг ортидаги бошпана қулаб тушгани ҳам акс этган. Мактаб маъмурияти ҳеч ким жароҳат олмаганини маълум қилди.
Филиппин президенти Фердинанд Маркос барча тегишли идоралар табиий офат оқибатларини бартараф этаётганини айтди. Филиппинда зилзилалар тез-тез содир бўлиб туради, чунки мамлакат геологик жиҳатдан беқарор бўлган Тинч океани «Оловли ҳалқаси» ҳудудида жойлашган.
НАТО ҳудудига яна рус дронлари кирди
НАТО қирувчи самолётлари Латвия ҳаво ҳудудига бостириб кирган дронни уриб туширди. Латвия Миллий Қуролли кучлари бу ҳақда 8 июн куни хабар берди. Ушбу операция Франция билан ҳамкорликда амалга оширилган.
«Россия томонидан Латвия ҳаво ҳудудига камида битта учувчисиз учиш аппарати бостириб кирди», деган Латвия Қуролли Кучлари вакили Reutersʼга берган интервюсида. Ҳодисадан бироз олдин, Латвиянинг 2 та туманида ҳаво ҳудудидаги хавф туфайли огоҳлантириш эълон қилинганди.
«Йўналишидан адашган» ҳарбий дронлар туфайли Болтиқбўйи давлатлари ва Финландияда Украинадаги урушнинг ёйилиши эҳтимоли борасидаги хавотирлар ортиб бормоқда.
Дронлар илгари ҳам Латвия ҳаво ҳудудига учиб кирган, бироқ бундай дрон биринчи марта уриб туширилди.
Шу билан бирга, Молдова Мудофаа вазирлиги ҳам 8 июнга ўтар кечаси Украина чегараси яқинидаги аҳоли пункти томонидан дрон учиб кирганини маълум қилди. Молдова расмийлари дрон кимга тегишли эканини очиқламаган.
Мавзуга оид
15:05 / 08.06.2026
Эрон ва Исроил зарбалар алмашди, Пашинян ўз партияси ғалабасини эълон қилди – кун дайжести
14:30 / 05.06.2026
Путинга очиқ хат йўллаган Зеленский ва Сининг Шимолий Кореяга ташрифи – кун дайжести
14:39 / 04.06.2026
Санкт-Петербургга дронлар ҳужуми ва ядро қуролига эга бўлмасликка «рози бўлган» Эрон – кун дайжести
16:10 / 03.06.2026