Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэлада даҳшатли зилзила ва Францияда қайд этилган Эбола – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Рубио Кўрфазга келди
АҚШ давлат котиби Марко Рубио пайшанба куни Яқин Шарқ бўйлаб сафарининг якуний босқичида Баҳрайнга келди. У ушбу сафар давомида Эрон келишувига шубҳа билан қараётган Американинг араб иттифоқчиларига уни қабул қилдиришга уринмоқда.
Рубио ушбу тинчлик битимини тақдим этиш борасидаги миссияси анча нозик эканини тан олди. Боиси, араблар Эронга ҳаддан ташқари кўп ён босилиши – Теҳронни кучайтириб юбориши, минтақадаги хавфсизлик мувозанати ҳамда нефт оқимларини қайта шакллантириши мумкинлигидан хавотирда.
Рубио, шунингдек, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши билан ҳам учрашади. Ушбу кенгаш олтита сунний монархиядан иборат бўлиб, унинг таркибига Саудия Арабистони, Қатар, Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайт киради.
Ушбу олтита давлат АҚШнинг стратегик иттифоқчилари ҳисобланади. Улар уруш пайтида Вашингтонга маълум даражада логистик ёрдам кўрсатган ва бунинг оқибатида барчаси Эроннинг ҳаво зарбаларидан жабр кўрган.
Рубио Баҳрайндан олдинги бекатлари — БАА ва Кувайтда ҳам расмийларни келишув Эронга ҳаддан ташқари ён босмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилди. «Биз минтақадаги иттифоқчиларимиз, кўп йиллик ҳамкорларимиз хавфсизлигига путур етказадиган ҳеч қандай иш қилмаймиз», деди у Кувайтда журналистларга.
Рубио, шунингдек, ушбу сафар давомида минтақавий иттифоқчилардан ҳеч қандай қайта тиклаш жамғармасига ҳисса қўшишни сўрамаслигини айтди.
АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни Эрон ядровий текширувларга «чексиз муддатга» (абадий) рози бўлганини айтди, Теҳрон эса музокараларда бундай ён босиш бўлмаганини таъкидлади. Бу ҳолат мўрт тинчлик битими қай даражада ҳаётий экани борасида саволларни туғдирмоқда.
Венесуэлада кучли зилзила
24 июн куни кечқурун Венесуэланинг шимолий ва марказий ҳудудларида кетма-кет икки кучли зилзила қайд этилди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, пойтахт Каракасда кўп қаватли уйлар ва бошқа бинолар қисман ёки тўлиқ қулаган.
Маълум қилинишича, биринчи зилзила тахминан соат 18:00 да содир бўлган ва унинг магнитудаси 7,2 ни ташкил этган. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай иккинчи, 7,5 магнитудали зилзила қайд этилган.
Табиий офат ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес барча тезкор хизматлар юқори шайлик режимига ўтказилганини маълум қилди.
АҚШ Геология хизмати дастлабки баҳолашига кўра, табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони ўн минглаб бўлиши мумкин. Венесуэла расмийлари ҳозирча 32 кишининг жасадини топган, юзлаб инсонлар жароҳатланган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кучли силкинишлардан кейин одамлар оммавий равишда биноларни тарк этган. Айрим кўп қаватли уйларнинг ташқи деворлари қулагани сабабли хонадонлардаги мебеллар кўчадан кўриниб қолган.
Ижтимоий тармоқларда Каракас халқаро аэропортидаги вайроналар акс этган видеолар тарқалди. Кейинчалик расмийлар аэропорт вақтинча ёпилганини тасдиқлади.
Трамп: Украина президентининг ишлари «анча яхши»
АҚШ президенти Доналд Трамп 24 июн куни Оқ уйда НАТО бош котиби билан ўтказган матбуот анжуманида Украинадаги уруш ҳақида фикр билдирди.
Журналистлардан бири Трампдан «сиз Зеленский ҳозир ғалаба қозонаётганига ишонасизми?» деб сўраганида, у шундай жавоб қайтарди: «Ҳеч бўлмаганда, у ўзини ушлаб турибди. Ҳар икки томонда ҳам кўп одамлар ҳалок бўлмоқда. Лекин менимча, унинг ишлари анча яхши кетмоқда», деди АҚШ президенти.
Бу баёнот Трампнинг аввалги чиқишларидан фарқ қилади. Чунки у ўтган даврда бир неча бор Володимир Зеленскийни танқид қилиб, уни можарони тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларга тўсқинликда айблаган эди.
Матбуот анжуманида Трамп Европа давлатлари, хусусан, Германия Эронга нисбатан АҚШ–Исроил урушини қўллаб-қувватламаганидан ҳам норозилигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Германия ҳукуматидан кўпроқ сиёсий қўллаб-қувватлаш кутган, аммо бу борада кутилган муносабатни олмаган.
24 июн куни мурожаатида Володимир Зеленский ҳам G7 доирасида муҳокама қилинган ҳарбий ва молиявий ёрдам Украинага ўз вақтида етказилса, Россияни тинчлик музокараларига мажбур қиладиган шароит яратиш мумкинлигини таъкидлади. Бироқ у бунинг қандай амалга оширилишига аниқлик киритмади.
Руминия Молдова билан бирлашиш йўлида
Руминиянинг SOS Romania партияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган Руминия ва Молдовани бирлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси 24 июн куни парламентнинг қуйи палатаси томонидан маъқулланди.
Руминия ОАВлари маълумотига кўра, ҳужжат «жим қабул қилиш» тартиби асосида тасдиқланган. Бу тартибга мувофиқ, агар қонун лойиҳаси парламент ялпи мажлисида 45 кун ичида муҳокама қилинмаса ёки рад этилмаса, у автоматик равишда қабул қилинган деб ҳисобланади.
Қонун лойиҳасида Руминия парламенти мамлакатнинг Молдова билан бирлашиши тўғрисида қарор қабул қилиши, шунингдек, ҳукуматга Кишинёв расмийлари билан бирлашиш жараёнини расмийлаштириш бўйича музокараларни бошлаш ваколатини бериш таклиф этилган.
Эндиликда мазкур ташаббус Руминия парламентининг юқори палатаси — Сенат муҳокамасига киритилади.
Шу йил январ ойида Молдова президенти Майя Санду ҳам мамлакатнинг Руминия билан бирлашиши ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаганди. Сандунинг таъкидлашича, ҳозирги геосиёсий вазиятда Молдова каби кичик давлат учун мустақил демократия сифатида ривожланиш ва ташқи босимларга, хусусан, Россия таъсирига қарши туриш тобора қийинлашмоқда.
Сўнгги йилларда, айниқса Россия ва Украина ўртасидаги уруш фонида, Молдовада Руминия билан бирлашиш тарафдорлари сони ортиб бормоқда.
Францияда Эбола қайд этилди
Францияда чоршанба куни Конгодаги эпидемия билан боғлиқ биринчи Эбола ҳолати тасдиқланди. Бу вируснинг Африка қитъасидан ташқарида қайд этилган биринчи ҳолатидир.
Франция Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бемор яқинда Конгодан қайтган ҳуманитар ёрдам шифокоридир.
Маълум қилинишича, бемор «Киншасадан тижорий рейсга ўтирганида деярли ҳеч қандай аломатларсиз бўлган, фақат бош оғриғини ҳис қилган» ва парвоз пайтида унинг аҳволи «бироз ёмонлашган». Шундан сўнг у Парижга қўниши биланоқ дарҳол тиббий ёрдам олган.
Касаллик юқиши хавфининг олдини олиш учун у Францияга келиши биланоқ тўғридан тўғри шифохонага олиб борилган ва изоляцияга олинган. Бемор танасидаги вирус юкламаси «жуда паст» бўлгани айтилмоқда.
Вазирлик эркакнинг аҳволи барқарор эканини айтди. У билан мулоқотда бўлган шахслар эса 21 кун давомида уй карантинида қолишлари кутилмоқда.
Эпидемия пайтида вирус юқтириб олган америкалик шифокор бундан олдин Берлиндаги шифохонага даволаниш учун олиб келинган эди ва ўшандан бери у бутунлай соғайган.
Амалдаги эпидемияни жиловлаш жуда қийин кечмоқда, чунки вируснинг «Бундибугё» штаммига қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмас.
Май ойида эпидемия эълон қилинганидан бери Конгода 1000 дан ортиқ тасдиқланган ҳолат қайд этилди. Учта провинцияда 260 дан ортиқ киши вафот этган.
Мавзуга оид
15:30 / 24.06.2026
Трампга қарши республикачилар ва Европага келган «Толибон» расмийлари – кун дайжести
14:12 / 23.06.2026
Нефт савдосига «рухсат олган» Эрон ва Воронеждаги заводга ҳужум – кун дайжести
15:50 / 22.06.2026
Швейцарияда учрашган АҚШ–Эрон расмийлари ва Европада экстремал иссиқ – кун дайжести
15:45 / 19.06.2026