Жаҳон | 15:09
853
8 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон зарбалар алмашинувини тўхтатди, Европада жазирамадан одамлар ўлмоқда – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон зарбалар алмашинувини тўхтатди

Эрон ва АҚШ сўнгги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда музокараларни қайта тиклашга келишиб олди. АҚШ расмийсига кўра, бу — зарбалар алмашинуви босими остида қолган тинчлик битимини сақлаб қолиши мумкин.

«Ҳар икки томон ҳозирча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб туради ва кемалар эркин ҳаракатланиши мумкин», деди расмий мулозим 17 июн куни Швейцарияда имзоланган меморандумга ишора қилиб. Музокаралар сешанба куни Қатарда қайта бошланади.

Кескинлик пайшанба куни Эрон снаряди Ҳўрмуз бўғозидаги юк кемасига келиб урилгач бошланганди. Шундан сўнг АҚШ кучлари Эрон жанубига зарбалар берди. Бунинг ортидан томонлар бир-бирини отшкесимни бузишда айблади.

Эрон эса якшанба куни эрта тонгда Кувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлар билан жавоб зарбаларини берди. Муҳофизлар корпуси АҚШ зарбалари «барча дипломатик жараёнларнинг бутунлай тўхташига олиб келишини» айтган.

Бу воқеалар президент Доналд Трамп янги таҳдидидан кўп ўтмай содир бўлди. «Шундай бир паллага келишимиз мумкинки, биз энди босиқлик қила олмаймиз. Ҳарбий йўл билан ўзимиз жуда муваффақиятли бошлаган ишни охирига етказишга мажбур бўламиз», деб ёзди Трамп ўз ижтимоий тармоғида. «Агар бу содир бўлса, Эрон Ислом Республикаси бошқа мавжуд бўлмайди!» дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Исроил якшанба куни Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига яна бир бор зарба бергани ва ер ости инфратузилмасини вайрон қилганини маълум қилди.

Душанбага келиб музокаралар қайта тикланган ва ҳарбий ҳаракатлар тин олди.

Венесуэладаги зилзила қурбонлари сони ортмоқда

Венесуэлада 25 июн куни содир бўлган эгизак зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1500 кишига яқинлашди.

«Қутқарув ва тиклаш ишлари давом этмоқда. Биз одамларни тириклайин қутқардик, шунинг учун операциялар тўхтатилмайди, умидни сақлаб қоламиз», деди муваққат президент Делси Родригес якшанба куни. Шунингдек, у мактабларда дарслар яна бир ҳафтага тўхтатилишини ва Ла-Гуайрада электр таъминоти 75 фоизгача тикланганини айтди.

Аввалроқ Миллий Ассамблея раиси Хорхе Родригес қурбонлар сони 1450 нафарга етганини маълум қилганди. Унинг қўшимча қилишича, 3150 киши жароҳатланган, 12 721 киши уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган ва 774 та бино вайрон бўлган.

2600 дан ортиқ хорижий қутқарувчилар етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ва кўнгиллилар вайроналар остидан омон қолганлар ва жасадларни олиб чиқди. Улар кўпинча оғир техника етишмаслигидан шикоят қилишди. Шу билан бирга юзлаб афтершоклар зарарни янада кучайтирди ва аҳолини хавотирда ушлаб турди.

Дам олиш кунларида ҳукумат минглаб одамлар ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолаётганини маълум қилди. Аммо мамлакат сиёсий мухолифати томонидан тарғиб қилинаётган веб-сайтда 50 мингга яқин одам бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.

АҚШ Геология хизмати ҳам 7,2 ва 7,5 магнитудали зилзилалар оқибатида қурбонлар сони 10 000 дан ошиши мумкинлигини тахмин қилганди.

«Тахминан уч кунлик, яъни 72 соатлик вақт оралиғи бор, шундан кейин одамларни тирик қутқариш эҳтимоли кескин камаяди», деди Швейцариядан келган қутқарув гуруҳи раҳбари Себастян Эугстер.

АҚШ Давлат департаменти америкалик қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни олиб чиқаётган тасвирларни жойлаштирди.

Reutersʼнинг ёзишича, Трамп маъмурияти аллақачон ажратган 150 миллион долларга қўшимча яқин кунларда юзлаб миллион долларлик янги молиявий ёрдам эълон қилиши кутилмоқда.

Россияда ёқилғи танқислиги

Украина кучлари ўтган тунда Краснодар ва Ярослав вилоятларидаги Россиянинг иккита нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди. Ушбу ҳужумлар дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчилардан бири — Россиянинг айрим ҳудудларида кескин ёқилғи тақчиллигини келтириб чиқарди.

«Биз Россиянинг уруш олиб бориш қобилиятини заифлаштирадиган операцияларимизни давом эттирамиз», деб ёзди Зеленский ижтимоий тармоқларда. У мазкур заводлар Украина ҳудудидан тахминан 300 км ва 700 км узоқликда жойлашганини қўшимча қилди.

Краснодар ўлкаси губернатори Славянск-на-Кубанидаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққанини, яқин атрофдаги қишлоқда бир киши ҳалок бўлганини ва яна бир киши жароҳатланганини маълум қилди.

Ушбу завод кунига тахминан 100 минг баррел маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга хусусий корхона ҳисобланади.

Президент Владимир Путин ҳам якшанба куни ёқилғи таъминотидаги муаммолар Россия ҳудудларида тақчилликни келтириб чиқарганини тан олди. Шунингдек, у ёқилғи етказиб берилишини таъминлаш устида махсус тезкор гуруҳ иш олиб бораётганини маълум қилди.

Шунингдек, Путин нефт объектларига Украина дронлари уюштирган зарбалар оқибатларини минимал даражага тушириши кераклигини таъкидлаб, у қишлоқ хўжалигини ёқилғи билан таъминлашга чақирди ва дизел экспортига тақиқ қўйиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди.

Путиннинг айтишича, ҳозирда бензин захираларидан фойдаланилмоқда ва улар 1,7 миллион метрик тоннани ташкил этмоқда. Захираларни тиклаш учун энди июл ойидаги ишлаб чиқариш ҳажми июндагидан ҳам ошиши керак.

Европада жазирама: одамлар ўлмоқда

Якшанба куни Европа қитъасида ҳарорат рекордлари яна янгиланди, аномал иссиқлик шарққа қараб ҳаракатланишда давом этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом 21 июндан бери Европада «юқори ҳароратлар билан боғлиқ» 1300 дан ортиқ қўшимча ўлим ҳолатлари қайд этилганини айтди.

«Иссиқлик стресси кўпинча 'сокин қотилʼ деб аталади. Европадаги уйлар, иш жойлари ҳамда мактаблар бундай ҳароратлар учун қурилмаган», деди у. «Европа Ердаги энг тез исиётган қитъадир, у глобал ўртача кўрсаткичдан икки баробар тезроқ қизимоқда», дея огоҳлантирди Тедрос.

Якшанба куни эрталаб Франция соғлиқни сақлаш вазирлиги чоршанбадан бери мамлакатда кутилганидан тахминан 1000 тага кўп ўлим ҳолати юз берганини маълум қилди. Қўшимча ўлим ҳолатларининг аксарияти 65 ва ундан катта ёшдагилар ҳиссасига тўғри келмоқда, чунки уйда вафот этганлар сони 40 фоизга ошган.

Дастлабки маълумотларга кўра, якшанба куни Германия шарқида 41,7°C ҳарорат қайд этилган. Бу – ҳудуд кетма-кет учинчи марта ўзининг энг иссиқ кунини бошдан кечираётганини англатади.

ЖССТга кўра, иқлим ўзгариши оқибатида илгари «бир авлодда бир марта» содир бўладиган жазирама ҳодисаси эндиликда деярли ҳар йили кузатилмоқда. Июндаги рекорд даражадаги жазирама «иссиқ гумбаз» деб аталадиган эффект билан изоҳланмоқда.

Саудияда вертолёт қулади

28 июн куни Саудия Арабистонининг нефт гиганти «Aramco» компаниясига қарашли вертолёт Форс кўрфази соҳилида — Ҳўрмуз бўғозидан ғарбда жойлашган Рас-Танура шаҳрида қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида бортдагиларнинг барчаси — қиролликнинг 14 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум.

«Тегишли органлар ҳалокат сабабларини аниқлаш учун тўлиқ тергов бошлади», дея қўшимча қилди Саудия давлат ахборот агентлиги. «Aramco» халқаро ОАВлар сўровларига жавоб бермаган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 6:00 да юз берган, давлат ахборот агентлиги ҳам бошқа тафсилотларни очиқламади.

Саудия Арабистони энергетика вазирлиги қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Рас-Танура шаҳрида «Aramco»нинг йирик нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган бўлиб, у Яқин Шарқдаги энг йирик заводлардан биридир.

Reutersʼга кўра, «Aramco» деярли тўрт ойлик танаффусдан кейин 26 июн куни Рас-Танура терминалида хом нефт юклашни қайта тиклаган эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид