Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
Ҳўрмуз яқинида АҚШ армиясининг «Apache» зарбдор вертолёти қулагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ АҚШ расмийси Reutersʼга бу вертолёт Эроннинг камикадзе дрони томонидан нишонга олинганини билдирди. АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг сувусти дрони икки нафар экипаж аъзосини топган ва қутқарган.
АҚШ президенти Доналд Трамп бунга жавобан Эронга зарбалар берилганини маълум қилди. АҚШнинг сўнгги зарбалари тахминан тўрт соат давом этган ва Эроннинг 20 га яқин нишонига зарба берилган. Ҳужумларда бўғоз яқинидаги Эрон ҳаво мудофааси, ерусти бошқарув станциялари ва кузатув радар объектлари нишонга олинган.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Америка зарбаларига жавобан Форс кўрфазидаги АҚШнинг 21 та турли нишонларига ҳужум уюштирди.
Хусусан, Иорданиядаги АҚШнинг «Ал-Азрақ» базасида — F-35 қирувчи самолётлари ангарлари ва қўмондонлик-бошқарув маркази Эрон томонидан нишонга олинди.
Иордания қуролли кучлари Эрондан келаётган бешта ракетани тутиб олгани ва уриб туширганини маълум қилди. Шунингдек, Муҳофизлар корпуси Кувайтдаги «Али Ас-Салам» базаси ва Баҳрайндаги АҚШ Бешинчи флотини ҳам дронлар билан нишонга олганини билдирди.
АҚШ расмийсига кўра, дастлабки баҳолашлар Эрон томонидан учирилган деярли барча ракета ва дронлар уриб туширилганини кўрсатмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи вертолёт воқеасига тўғридан тўғри тўхталмади. Аммо у ўз баёнотида минтақадаги хорижий кучлар бахтсиз ҳодисалар ёки ўзаро отишмаларга дучор бўлиш хавфи остида эканини айтди. «Агар, хавфсиз бўлишни истасангиз, минтақамизни тарк этинг», деб ёзди у.
Трамп эса сешанба куни вертолёт воқеаси «катта муаммо эмаслигини» айтди ва «учувчининг аҳволи яхши» экани ҳақидаги гапларини қайтарди.
Исроилга қарши янги санкциялар
Буюк Британия, Канада, Франция ва Норвегия сешанба куни Ғарбий соҳилда зўравонликларни молиялаштириш ва амалга оширишда иштирок этган Исроил кучларига қарши янги санкцияларни эълон қилди.
Ушбу чоралар ўтган ҳафтада Австралия ва Янги Зеландия эълон қилган санкциялар билан мувофиқлаштирилган. Қўшма баёнотда айтилишича, ушбу чоралар «экстремистик кўчманчиларни фаластинлик тинч аҳолига қарши даҳшатли даражадаги зўравонликлари учун жавобгарликка тортиш»ни мақсад қилган.
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Исроил молия вазири Бетзалел Смотрич ва кўчманчи ташкилотларнинг 25 нафар аъзоси Францияга киришини тақиқлаганини маълум қилди.
Буюк Британия ва Канада эса ўз санкциялар пакетига ресурсларидан — фаластинликлар мулкларини вайрон қилишда фойдаланилган қурилиш компанияларини киритган. Қўшма баёнотда агар Исроил ҳукумати «жойлардаги вазиятни ўнглаш учун шошилинч чоралар» кўрмаса, кейинги қадамлар ташланиши айтилган.
Хавотирлардан бири Исроилнинг «E1 лойиҳаси» бўйича. Ушбу қурилиш Ғарбий соҳилни тенг иккига бўлади ва уни Шарқий Қуддусдан узиб қўяди. Бу эса фаластинликлар мустақил давлат қуришни мақсад қилган ҳудуднинг парчаланишига олиб келади.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги ушбу чораларни рад этди ва санкциялар жорий қилган ҳукуматларни антисемитизмни кучайтиришда айблади.
Доғистонда портлаш
9 июн куни Доғистоннинг Қизилюрт шаҳрида «Газпром трансгаз Махачкала»га қарашли магистрал газ қувурида учта портлаш юз берди. Портлашлардан кейин кенг кўламли ёнғин бошланди, аланга баландлиги 15 метрга етган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ушбу ҳолатга аҳоли пунктлари ўртасидаги қувурнинг герметиклиги бузилиши — зичлиги йўқолиши сабаб бўлган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ.
Фавқулодда хизматлар ёнғинни икки соатдан ортиқ вақт давомида ўчирди. Қизилюрт туманининг 140 га яқин аҳолиси эвакуация қилиниб, қариндошларининг уйларига жойлаштирилган.
Фавқулодда ҳолат сабабли Қизилюрт шаҳри ва унинг атрофида яқин сутка ичида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Ушбу қувур «Газпром» томонидан табиий газни жанубий йўналишда ташиш, жумладан, Озарбойжонга етказиб бериш учун фойдаланилади.
Евроиттифоқнинг Россияга қарши 21-санкциялар пакети
Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги уруши сабабли унга қарши 21-санкциялар пакетини таклиф қилди. Бу пакет мамлакат банклари ва криптовалюта тармоқлари, шунингдек, дрон ишлаб чиқариш, нефт трейдерлари ва заводларига жиддий зарба беришни кўзда тутади.
Евроиттифоқ расмийси Кая Калласга кўра, янги пакетда 170 нафар жисмоний ва юридик шахсларни қора рўйхатга киритиш таклиф этилмоқда. Булар қаторига 90 га яқин банк киради.
Россия банклари Европа санкцияларининг тўлиқ босими остида қолади, жумладан, активларни музлатиш, саёҳат ва транзакцияларни тақиқлаш чоралари кўрилади. Санкциялар қабул қилиниши учун барча аъзо давлатларнинг бир овоздан маъқуллаши талаб этилади.
Шунингдек, санкциялар пакетида 35 та банкка, Россияга чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган 11 та крипто-платформага транзакция тақиқлари қўйиш таклиф этилмоқда. Аввалроқ Қирғизистон Россияга криптовалюта бозорида санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бергани учун жазоланганди.
Россияда нуфузли Макроиқтисодий таҳлил маркази мамлакатни яқинлашиб келаётган банк инқирози ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Аммо Россия Марказий банки буни рад этиб келмоқда.
Кенияда намойишлар
Сешанба куни Кениянинг марказий қисмидаги Нанюки шаҳрида АҚШ фуқаролари учун мўлжалланган Эбола карантин марказининг қурилишига қарши намойишлар ўтказилди.
Намойишларда Кения полицияси томонидан камида бир киши отиб ўлдирилган. AFP ахборот агентлигининг хабар беришича, бир эркак кишининг бошидан ўқ еб, ерда жонсиз ётгани кўринган. Яна бир киши полиция отган кўздан ёш оқизувчи газ баллонидан жароҳатланган.
Намойишлар тиббий ҳимоя кийимларини кийиб, Кения байроқларини ҳилпиратишган ва устига «Эбола» деб ёзилган тобутни кўтариб олишган. Ўнлаб одамлар ҳибсга олингани хабар қилинди.
Пойтахт Найробидан тахминан 200 километр узоқликда жойлашган ушбу объект АҚШ ходимлари томонидан бошқарилиши ва Конгода вирус билан алоқада бўлган америкаликларни қабул қилиши кўзда тутилганди.
Кенияда шу вақтгача Эбола билан касалланиш ҳолатлари расман қайд этилмаган. Шу боис муассаса қурилиши режаси маҳаллий аҳолининг ғазабини келтирмоқда. Уларнинг фикрича, бу лойиҳа мамлакатга вирус кириб келишига сабаб бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 17 май куни Конго Демократик Республикаси ва Угандада Эбола вируси сабабли халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилди. Қарийб бир ой ичида 550 дан ортиқ касалланиш ва камида 100 та ўлим ҳолати тасдиқланди.
Кения Олий суди объектдаги қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб қўйган бўлса-да, президент Уилям Руто ҳукумати марказни қуриш ишларини барибир давом эттиришга ваъда бермоқда.
Кения Соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, Нанюкидаги муассасадан америкаликлар билан бир қаторда кенияликлар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади. Бироқ АҚШ расмийлари бу маълумотни ҳали тасдиқламаган.
Мавзуга оид
15:29 / 09.06.2026
Европанинг йирик мудофаа лойиҳаси барбод бўлди, Си Шимолий Кореяга келди – кун дайжести
15:05 / 08.06.2026
Эрон ва Исроил зарбалар алмашди, Пашинян ўз партияси ғалабасини эълон қилди – кун дайжести
14:30 / 05.06.2026
Путинга очиқ хат йўллаган Зеленский ва Сининг Шимолий Кореяга ташрифи – кун дайжести
14:39 / 04.06.2026