Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тикланяпти, Покистон яна қўшнисини бомбалади – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон ўртасида ҳаво зарбалари давом этмоқда
АҚШ ва Эрон кетма-кет иккинчи куни ҳам ўзаро ҳаво ҳужумлари алмашди. Ҳарбий ҳаракатларнинг кескинлашиши ҳафта бошида Ҳўрмуз яқинида АҚШнинг Apache вертолёти уриб туширилиши билан бошланганди.
Бу воқеа Эрон ва минтақадаги АҚШ базаларига қарши кетма-кет ўзаро жавоб зарбалари берилишига сабаб бўлди.
Кеча АҚШ ҳарбийлари ўзларининг сўнгги ҳужумлари Теҳроннинг «асоссиз ва давомий тажовузкорлиги»га жавобан эканини айтди.
Трамп чоршанба оқшомида АҚШ зарбалари тез орада тўхташини, бироқ Эрон раҳбарлари битим имзоламаса, шиддатли бомбардимонларни қайта бошлашини айтди. Трампнинг таҳдидидан сўнг нефть нархи қарийб 3 долларга кўтарилди.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Кувайт ва Баҳрайндаги авиабазаларда жойлашган АҚШнинг 18 та ҳарбий объектига, шунингдек, Баҳрайндаги АҚШнинг Бешинчи флотига қарши жавоб ҳужумлари уюштирганини маълум қилди.
Кейинчалик Эрон Иорданиядаги Ал-Азрақ авиабазасига ҳам кетма-кет иккинчи кеча баллистик ракеталар отганини билдирди.
Шунингдек, Эрон кучлари Ҳўрмуз бўғозидан ўтишга уринаётган ҳар қандай кемага қарата ўт очиши ҳақида огоҳлантирди. Эрон ОАВлари АҚШнинг иккита кемасига қарата ўт очилганини хабар қилди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги бўғоз ёпилганини ёки бирор кемаси урилганини рад этди. Шунингдек, Эрон АҚШни 10 та қишлоқни ичимлик сув билан таъминлайдиган сув омборларига зарба беришда айблади. Пентагон бу айбловларга изоҳ бермади.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет янги зарбаларни – Эронни келишувга мажбурлаш ҳаракати сифатида баҳолади. «Биз бугун кечаси уларга қаттиқ зарба берамиз ва Эрон тўғри қарор қабул қилади, деб умид қиламиз. Агар бомбалар ёрдамида музокара олиб бориш керак бўлса, биз бомбалар билан музокара қиламиз», деди уруш вазири.
Трамп Эрон билан келишув яқин эканини бир неча бор таъкидлаган бўлса-да, апрелдаги ватинчалик сулҳдан кейин бирор жиддий силжиш аломатлари кўринмади.
Можаро Оқ уй учун сиёсий бош оғриғига айланди, чунки ёқилғи нархларининг ошиши ва сайловчиларнинг ғазаби фонида Трампнинг рейтинги пасайиб бормоқда.
Ливанда ҳам жанглар давом этмоқда
Ливанда – Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги параллель урушда ҳам жанглар давом этмоқда. Ливан хавфсизлик манбаларининг маълум қилишича, чоршанба куни Исроилнинг Ливан жанубига уюштирган ҳаво зарбалари оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган. Ҳизбуллоҳнинг ўзи Исроил кучларига қарши янги ҳужумлар уюштирганини даъво қилди.
Исроил ҳарбийлари пайшанба куни эрталаб Исроил шимолидаги бир қанча ҳудудларда сиреналар янграганини билдирди. Ливан жанубида Исроил қўшинлари ҳаракат қилаётган ҳудуд яқинига иккита «ракета учирилиши» қайд этилган.
АҚШ билан музокараларда Теҳроннинг талаблари қаторида Исроилнинг Ливандаги ҳужумларини тўхтатиш ҳам мавжуд. Шу боис Эрон якшанба куни Исроилни тўхтатиш учун зарбалар берганди.
Россияда яна бир генерал портлатилди
9 июнь куни эрталаб Москва вилоятида содир бўлган автомобил портлаши оқибатида Россия мудофаа тизимининг юқори мартабали мулозими ҳалок бўлди. Балашихада жойлашган тураргоҳдан эрталаб ҳайдовчи машинасини олиб чиқаётган пайтда BMW Х3 автомобили портлаб кетган. Атрофдагилар ҳайдовчи ҳали тириклигида унинг ёнига етиб боришган, бироқ у воқеа жойида вафот этган.
Россия Федерал Тергов қўмитаси портлаш содир бўлганини тасдиқлади, бироқ қурбоннинг исм-шарифини очиқламади. Шунингдек, айнан қайси модда бўйича иш очилганига ҳам аниқлик киритмади.
Маҳаллий пабликларга кўра, ҳалок бўлган шахс Россия Мудофаа вазирлиги Ракета-артиллерия бош бошқармаси раҳбари Дамир Давидов бўлган. Яна бир манба ҳам Давидовнинг ўлимини тасдиқлаб, қўлбола портловчи мослама автомобиль остига ўрнатилганини маълум қилди.
Портлаш содир бўлган «Авиаторов» даҳаси дастлаб истеъфодаги ҳарбийлар учун турар жой тумани сифатида қурилган. 2025 йил апрель ойида худди шу даҳада Россия Қуролли Кучлари расмийси, генерал-лейтенант Ярослав Москалик ҳам автомобили портлатиши оқибатида ҳалок бўлганди.
ЖАРда отишма: 12 киши ҳалок бўлди
Жанубий Африканинг Йоҳаннесбург шаҳрида қуролланган шахслар ўт очиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган ва яна тўққиз киши жароҳатланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, сешанба оқшомдаги ҳужумдан кейин 10 дан ортиқ гумонланувчи қидирилмоқда.
Полициянинг билдиришича, қуролланган шахслар турар жой биноси ҳудудига иккита алоҳида кириш жойидан кириб, бир нечта нуқтада ўт очган ва машинада воқеа жойидан қочиб кетишган.
Отишма тунда — ноқонуний кончилар яшайдиган темир кулбалар жойлашган ҳудудда содир бўлган.
Полиция қотилликларга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълумлигини билдирди. «Ҳозирги босқичда мотив нима эканлигини аниқлай олмадик», деди вилоят комиссари, генерал-лейтенант Томми Мтомбени.
Жанубий Африка қотиллик кўрсаткичлари бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирида туради. DW маълумотларига кўра, мамлакатда кунига ўртача 60 та қотиллик содир этилади.
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди
10 июнга ўтар кечаси Покистон Афғонистон ҳудудига навбатдаги ҳаво зарбаларини берди. Бу ҳақда хабар берган Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарарга кўра, тўқнашувларда 26 нафар жангари ўлдирилган.
Тарар ҳарбийлар чегара бўйлаб Покистон «Толибон»ининг яширин жойлари ва бошпаналарини нишонга олган ҳолда аниқ зарбалар берганини билдирди.
Унинг таъкидлашича, ушбу операциялар сўнгги пайтларда содир этилган қатор ҳужумларга жавобан амалга оширилган.
Покистон томони зарбаларни ишончли разведка маълумотларига асосланган, пухта ҳисоб-китоб қилинган, деб таърифлади.
Бироқ, «Толибон» ҳукуматининг матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари борлигини қайд этди. Хусусан, Мужоҳидга кўра, Кунар, Хост ва Пактика провинцияларига Покистон уюштирган ҳужумлар оқибатида 11 бола, бир аёл ва бир кекса киши ҳалок бўлган. Яна 14 нафар аёл ва болалар жароҳатлангани айтилмоқда.
2021 йилда «Толибон» иккинчи марта ҳокимиятга келганидан бери Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолмоқда. Февралда Афғонистон Покистоннинг ҳаво ҳужумларига жавобан чегара оша ҳужум бошлаган, шундан кейин ҳарбий ҳаракатлар кескин кучайиб кетганди.
Март ойида эришилган мўрт сулҳ – ҳар икки томон бир-бирини уни бузганликда айблаганидан кейин барбод бўлди.
Шимолий Ирландияда намойишлар
Шимолий Ирландия пойтахти Белфаст шаҳрида оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди. Бунга Судандан келган муҳожир маҳаллий аҳоли вакилига қилган ҳужум сабаб бўлди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода пичоқ билан қуролланган қора танли шахс ўз қурбони устига чиқиб олиб, уни сўйиб ташлаш билан таҳдид қилаётгани акс этган. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер буни «даҳшатга солувчи» ҳужум деб атади.
Ҳужум қилган шахс – 30 ёшли Ҳоди Алодид қўлга олинган. Суд унга қотилликка уриниш, тиббиёт ходимига ўлим билан таҳдид қилиш ва жамоат жойида пичоқ олиб юриш бўйича айблов қўйди. Суданлик шахс сиёсий бошпана сўраган ва Буюк Британияда 2028 йилгача қолишга рухсати бўлган.
Жабрланувчи – 40 ёшли Стивен Огилви юзи, бўйни ва елкасидаги жароҳатлар билан шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Ҳужум қилган ва ҳужумга учраган қўшнилар бўлишган. Алодиднинг мотивлари ҳозирча маълум эмас, у ҳибсда қолмоқда.
Бунинг ортидан ҳафта бошида ниқоб таққан юзлаб кишилар шаҳар кўчаларига чиқиб, автомобиллар, автобуслар, чиқинди идишларини ёқишди, витриналарни синдиришди, уйларга ўт қўйишди. «Хорижликлар йўқолсин!» дея ҳайқирмоқда намойиш иштирокчилари. Шимолий Ирландиянинг бошқа шаҳарларида ҳам тартибсизликлар бўлиб ўтган.
Шимолий Ирландия полицияси аҳолидан хотиржамликни сақлашни ва ўз норозилигини тинч йўл билан билдиришни сўради.
Мавзуга оид
14:23 / 10.06.2026
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
15:29 / 09.06.2026
Европанинг йирик мудофаа лойиҳаси барбод бўлди, Си Шимолий Кореяга келди – кун дайжести
15:05 / 08.06.2026
Эрон ва Исроил зарбалар алмашди, Пашинян ўз партияси ғалабасини эълон қилди – кун дайжести
14:30 / 05.06.2026