Жаҳон | 23:44 / 21.06.2026
918
2 дақиқада ўқилади

Британияда Робин Гуднинг машҳур 1200 йиллик дарахти қуриб қолди

Афсоналарга кўра, Робин Гуд ушбу дарахт танасида замбуруғ таъсирида ҳосил бўлган улкан ковакда яширинган.

Фото: Ben Andrew/RSPB

Қушларни муҳофаза қилиш қироллик жамияти Британиядаги энг қадимий ва энг улкан дарахтлардан бири бўлган Катта эман (The Major Oak) дарахти қуриб қолганини тасдиқлади.

Шервуд ўрмонида ўсган бу дарахт 1200 ёшда деб ҳисобланарди.

Эман бу йил баҳорда илк бор барг чиқармади ва мутахассислар унинг қуриб қолганини маълум қилишди.

Экспертларнинг қайд этишича, дарахтнинг нобуд бўлишига унинг тузилишига йиллар давомида аралашиш, илдиз атрофидаги тупроқнинг сайёҳлар кўп келиши боис зичлашиши, экстремал иқлим ҳодисалари, жумладан, 2022 йил июлида кузатилган рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат сабаб бўлган.

Мутахассислар фикрича, шохларни ушлаб туриш учун ўрнатилган таянчлар дарахтни сақлаб қолиш ўрнига унинг таназзулини тезлаштирган бўлиши мумкин.

Ушбу эман афсонавий Робин Гуд билан боғлиқ. Афсоналарга кўра, Робин Гуд дарахт танасида замбуруғ таъсирида ҳосил бўлган улкан ковакда яширинган.

Дарахтнинг ҳозирги номи 1790 йилда майор Хейман Рукнинг китоби нашр этилганидан кейин оммалашган. Айнан шу китоб туфайли дарахтни кўриш учун сайёҳлар кела бошлаган.

1970-йиллардан бошлаб эман атрофи ўралган бўлса-да, илдизлар атрофидаги ернинг зичлашиши давом этган.

Маълум қилинишича, дарахт танаси ёдгорлик сифатида сақлаб қолинади ва қўнғизлар, замбуруғлар, қушлар ва бошқа кўплаб тирик организмлар учун табиий бошпанага айланади.

Ушбу эманнинг кўчатлари дунёнинг турли мамлакатларида экилган.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид