Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Корея гуруҳдан чиқа олмагани можаро келтириб чиқарди
Жамоа бош мураббийи Хон Мен Бо мураббий истеъфо берди – аммо у энди мамлакатда энг кўп нафратга сазовор инсонга айланди, маҳаллий телеканаллар унинг юзини худди жиноятчиларники каби «блюр» қилишмоқда. Дўконлар ва ресторанлар эшиги олдида унинг ичкарига кириши тақиқлангани ёзилган табличкалар қўйилган. Мамлакат президенти муваффақиятсизлик сабабларини текширишга чақирди.
Жанубий Корея миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатини тарк этиши катта можарога сабаб бўлди. Жамоа бош мураббийи Хон Мен Бо истеъфос берди ва фанатлардан узр сўради. Аммо халқ ғазабидан қочиб қутула олмади: уни президент Ли Жэ Мен ҳам танқид қилди, телевидениеда унинг юзини «блюр» қилди, маҳаллий тадбиркорлар эса унинг ўз дўконлари ва ресторанларига киришини тақиқлади.
«Воқеа тафсилотларини синчиклаб текширишни сўрайман»
57 ёшли мутахассис учун бу Жанубий Корея миллий жамоаси бошқарувидаги биринчи жаҳон чемпионати эмасди. У 2014 йил Бразилияда ўтказилган мундиалда ҳам жамоани бошқарганди: ўшанда унинг шогирдлари Белгия, Жазоир ва Россия билан бир гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетган.
Хон Мен Бони ўшанда ҳам аёвсиз танқид қилишган, мухлислар аэропортдаёқ ўз эътирозларини унинг ўзига билдиришганди. Ўн йил ўтиб у қайтди, аммо бу сафар ҳам ўхшамади.
Ҳолбуки Жанубий Корея турнирни жуда яхши бошлаган, Чехия устидан иродали ғалабага эришганди (2:1). Бундай муваффақиятли стартдан кейин Мексика ва ЖАРга қарши икки ўйинда ҳам мағлубиятни деярли ҳеч ким тасаввур қилмаётганди. Аммо жамоа бу икки ўйинда ҳам яхши ўйнаганига қарамай, бир хил 0:1 ҳисобларида ютқазди ва жаҳон чемпионатини тарк этди.
Бундай натижа учун Хон Мен Бони корейслар кечира олишмади. Матбуот анжуманида у жамоа бошқарувидан кетиши ҳақида олдиндан тайёрлаб қўйилган матнни ўқиб берди.
«Корея футболини севадиган ва миллий жамоани қўллаб-қувватлайдиган мухлисларимиздан узр сўрайман. Биз кутилган натижаларга эриша олмадик ва бунинг учун барча масъулият фақат менинг зиммамда», – дея унинг сўзларини келтиради Yonhap нашри.
Аммо мураббий учун шу билан мавзу ёпилмади. Уни барча кулфатлар учун айбдор деб топишди – ва ЖАР билан ўйиннинг бошланғич таркибига жамоа сардори Сон Ҳеунг Минни киритмаганини эсга олишди: юлдузли футболчи фақат иккинчи бўлим давомида майдонга туширилганди.
Журналист Нуэл Ланзоннинг ёзишича, Хон Мен Бо хавфсизлик нуқтайи назаридан Жанубий Кореяга жамоадан алоҳида ҳолда қайтган. Ҳеч ким 2014 йилги таҳқирли акция такрорланишини хоҳламаган: ўшанда жамоани кутиб олиш вақтида мухлислар мураббийлар штаби вакиллари ҳамда футболчиларга қарата ширинликлар ва бошқа буюмларни улоқтиришганди.
Маҳаллий ТВда эса аллақачон бош мураббийнинг юзи худди жиноятчиларники каби «блюр» қилинмоқда, дўконлар ва ресторанларда эса «Хон Мен Бо кириши тақиқланади» ёзувли табличкалар пайдо бўлган.

Ҳафсаласизлик ва нафрат тўлқинидан кейин мамлакат президенти Ли Жэ Мен ҳам муносабат билдириб чиқди. У рўй берган ҳодиса сабабларини ўрганишни сўраган.
«Агар қобилиятли одамларни эмас, ўз одамларингизни афзал кўрсангиз ва раҳбарлик лавозимларига лаёқатсиз одамни танласангиз, натижа олдиндан маълум бўлади... Маданият, спорт ва туризм вазирлигидан ушбу воқеанинг тафсилотларини синчиклаб ўрганишни сўрайман», – дея ёзган ушбу сиёсатчи ижтимоий тармоқда.
Вазирлик раҳбари бунга дарҳол жавоб қайтарган.
«Бутун халқнинг умиди ва ғурури қайта тирилиши учун бутун футбол маъмурий тизимида тезкор равишда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун ўзимни аямасдан, бор кучимни ишга соламан», – дея ёзди Чҳве Ҳви Ен ижтимоий тармоқда.
Шотландия миллий жамоасида ҳам истеъфо, аммо у ерда тинчлик
Шотландиялик мухлислар ҳам муваффақиятсизликдан норози. Ушбу жамоа ҳам жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлаганди (Ҳаити 1:0 ҳисобида мағлуб этилган), аммо кейинги турларда Марокаш (0:1) ва Бразилияга қарши кечган ўйинлар (0:3) мағлубият билан якунланди ва жамоа плей-оффга чиқа олмади.
Шотландия футбол ассоциацияси сайтида бош мураббий Стив Кларк истеъфога чиқарилгани ҳақида пресс-релиз жойлаштирилган. 62 ёшли мутахассис футболчиларга миннатдорчилик билдирган ҳамда ўзидан кейин ишлайдиган мураббийга омад тилаган.
«Футболчилар мақтов ва таҳсинга лойиқ ва мен учун уларнинг мураббийи бўлиш ҳақиқий шараф эди. Мени қабул қилганингиз учун раҳмат, мендан кейин ишлайдиган мураббийга омад», – дейилади матнда.
Шу билан бирга, мамлакат футболи вакиллари Стивни ҳимоя қилиб чиқишди. Жамоанинг собиқ футболчиси Крис Бойд ушбу мутахассис жамоани икки марта Европа чемпионатига олиб чиққанини эслатган.
«Ўйлайманки, кўпчилик ўтириб, Шотландия миллий жамоаси илгари қаерда бўлганини ва ҳозир қаерда эканини эслаб кўриши керак. Ростини айтсам, сўнгги уч-тўрт кун ичида унинг бошига ёғилган барча танқидлар шунчаки шармандаликдир», — дея Бойднинг сўзларини келтирган SkySports.
Шу билан бир вақтда, жаҳон чемпионатида кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилган Туркия миллий жамоаси (АҚШ, Австралия ва Парагвй билан бир гуруҳда тўртинчи ўринни эгаллади) бош мураббий бўйича ҳеч қандай ўзгариш қилмоқчи эмаслиги кўпчиликни ажаблантирди.
Takvim маълумотига кўра, бош мураббий Винченцо Монтелла ўз лавозимини сақлаб қолади.
Мавзуга оид
17:49
ЖЧ-2026 анонси. Фаворитлар плей-оффни бошламоқда
11:19
ЖЧ кундалиги. 1/8 финалнинг илк иштирокчиси маълум, Корея лагерида можаро, Кабо-Верде сардорида муаммо
21:50 / 28.06.2026
Шомуродов жаҳон чемпионатидаги деярли имконсиз гол муаллифи бўлди
11:07 / 28.06.2026