Жамият | 21:49
1052
2 дақиқада ўқилади

Бир кунда 1200 та ғишт қуядиган тошлоқлик “темир хотин” ҳикояси

Гулбаҳор Ортиқова Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Арабмозор қишлоғидан. У ёшлигидан ғишт қуйиб келади ва ҳозиргача шу касб ортидан рўзғор тебратади. “Оилада уч қизмиз, тўнғич фарзандман, ота-онамга ўғил фарзанд ўрнидаман. Баҳордан то кузгача ғишт қуйиб топган пулимга қишга заҳира сифатида озиқ-овқат ғамлайман. Бир кунда 1200 та ғишт қуя оламан”, – дейди у.

Гулбаҳор Ортиқова 7-синфда ўқиётган пайтидаёқ ғишт қуя бошлаган.

“36 ёшдаман. Ёшлигимдан бери ғишт қуяман. 7-синфда ўқиётганим кезларимдаёқ тўртталик қолипда отамга ёрдам берардим. Ўшанда бир кунда 200-300 тагача ғишт қуярдим. Отам лой қилиб берарди. Ҳозир лойимга қараб бир кунда 1000-1200 та ғишт қуяман. 1200 та ғишт бўлмагунича дам олмайман.

Тушликкача 600-700 та, тушдан кейин 400-500 та ғишт ташлаб қўяман. Уйда тўпланиб қолса, харидорларга телефон қиламан дарров келишиб юклашиб олиб кетишади. Айни кунларда бир дона ғиштни 400 сўмдан сотяпман.

Аслида менга оғир юмуш билан шуғулланиш мумкин эмас. Тутқаноғим бор. Иложсизликдан, ота-онам, рўзғор учун ишлайманда. Ота-онам касаликкка чалинган. Онамнинг кўзи кўрмайди. Уларга ўзим қарайман-да. Менинг бойликларим улар.

Баҳордан совуқ тушгунича тинимсиз ғишт қуяман. Оиламиз катта, синглимнинг турмуш ўртоғи вафот этиб, бир этак фарзандлари билан ота уйига қайтиб келган. Қиш учун тўплаган пулимга 10 та елим идишда ёғ, 10-15 қоп ун, кўмир, картошка, пиёз сотиб олиб ғамлаб қўяман.

Бир камаз тупроқни 400-500 минг сўмга сотиб оламан. Ундан 5000 тагача ғишт чиқади.

Кўпчилик қилаётган ишимни кўриб эркак киши қиладиган иш, оғир эмасми дейишади. Йўқ, ишимдан фахрланаман. Чунки шу касб орқасидан ота-онамни, фарзандларимни боқяпман”, – дейди ғишт қуювчи опа. 

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид