Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
126 киши ҳалок бўлган фожиа — қароқчилар эгаллаган самолёт Ҳинд океанига қандай қулаб тушганди?
1996 йилда Эфиопиядан Кот-д’Ивуарга учаётган самолёт Комор ороллари яқинида сувга қўнишга мажбур бўлади. Аниқроғи қулаб тушади. Чунки самолётнинг ёқилғиси тугаганди. Оқибатда юздан ошиқ одам ҳалок бўлади. Хўш, Африка ғарбида жойлашган Кот-д’Ивуарга учаётган Boeing-767 Ҳинд океанига қандай келиб қолганди?
2016 йилда катта экранларга чиққан “Гудзондаги мўъжиза” филмини кўргансиз. Унда филмнинг бош қаҳрамони бўлган учувчи носозлик юз берган самолётни Гудзон дарёсига муваффақиятли қўндиради. Натижада ҳеч ким ҳалок бўлмайди.
Бу филм ҳаётий воқеа асосида суратга олинган ва ҳақиқатан 2009 йилда учувчилардан бири носозлик юз берган самолётни Гудзон дарёсига фавқулодда қўндиради.
Бироқ самолётни сувга қўндириш ҳар доим ҳам муваффақиятли кечавермайди. Айниқса уни қароқчилар эгаллаб олган ва учувчилардан океан оша бошқа қитъага парвоз қилишни талаб қилиб турган бўлса.
Ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлган ҳодисамиз Гудзондаги ҳодисадан 13 йил олдин, 1996 йилда содир бўлган. Ўшанда экипаж командири самолётни сувга мажбурий тарзда қўндиришга уринади. Бироқ у ерда Гудзондаги мўъжиза содир бўлмайди.
Катта тезликда сувга урилган самолёт бўлакланиб кетади. Оқибатда учувчилар билан бирга 100 га яқин йўловчи, шунингдек, самолётни эгаллаб олган қароқчилар ҳам ҳалок бўлади.

Қароқчилар эгаллаб олган Boeing-767
1996 йил 23 ноябр. Ethiopian Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing-767 самолёти Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадан Кот-д’Ивуарнинг Абиджан шаҳри томон парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади.
Самолёт парвоз давомида Кениянинг Найроби, Конгонинг Браззавил, Нигериянинг Лагос шаҳарларига қўниб ўтиши лозим эди.
Ўша куни Boeing-767ʼда 163 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бор эди. Экипаж командири 42 ёшли тажрибали учувчи Леул Абете бўлиб, у ўшангача 11 минг соатдан ортиқ парвоз қилганди.
Самолёт парвозни бошлаганидан 20 дақиқа ўтиб, йўловчилардан бири ўрнидан туради ва учувчилар кабинаси томон юради. Унга яна икки нафар йўловчи қўшилади.
Биринчи бўлиб ўрнидан турган одам учувчилар кабинасига етмасдан ортга ўгирилади ва йўловчиларга қарата “Ҳеч ким ўрнидан турмасин. Акс ҳолда қўлимдаги бомбани портлатаман”, деб бақиради.
Сўнг ўша уч киши учувчилар кабинасига киради ва овозкучайтиргич орқали самолёт қўлга олинганини айтиб, йўловчилардан тинч ўтиришни талаб қилади.
Улар иккинчи учувчини кабинадан қувиб чиқаради ва эшикни ичкаридан ёпиб олади. Кейин экипаж командирига йўналишни Австралия томон ўзгартиришни талаб қилади.

Қизиғи, экипаж командири Леул Абете бунгача ҳам икки марта самолёт эгаллаб олинишига дуч келганди. Биринчи ҳодиса 1992 йилда, иккинчиси 1995 йилда содир бўлган ва махсус кучлар саъй-ҳаракати билан ҳар икки ҳодисада ҳам ҳеч ким жабрланмаганди.
Учувчи қароқчилар Австралияга учиш талабини қўйганда самолётда Ҳинд океани устидан учиб ўтишга етгулик ёқилғи йўқлигини айтади.
Бироқ қароқчилар унинг бу гапларини назарга илмайди ва буйруқни бажаришни талаб қилади. Учувчи самолёт йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлади.
Бироз парвоз қилингандан сўнг учувчи қароқчиларга Кениянинг Момбаса шаҳрига қўниб ёқилғи қуйиб олишни таклиф этади. Бироқ улар рад этишади.
Ўша пайтда қароқчилар учувчилар кабинасида турган журналдан Boeing-767 самолётлари ёқилғи сиғими тўла бўлган ҳолда 11 соат учиши мумкинлигини билади. Сўнг ўз талабларида қатъий туриб олишади.
Экипаж командири уларга самолёт журналида ёзилган маълумотлар билан ҳақиқий ҳолат ўртасида тафовут бўлишини тушунтиришга уринади. Бироқ бу наф бермайди.
Шундан сўнг учувчи Аддис-Абеба ҳаво транспорти бошқармасига самолётни қароқчилар эгаллаб олгани ва Австралияга учиш талаби қўйилгани ҳақида хабар юборади.

Бошқармадагилар йўловчилар рўйхатини текшириб самолётни эгаллаб олган уч шахс кимлигини аниқлашади. Уларнинг икки нафари эндигина мактабни битирган ишсиз ёш йигитлар, бири эса шифохонада санитар ходим вазифасида ишлаб келган шахс бўлиб чиқади.
Бу орада экипаж командири диспетчерларга самолётнинг баландлиги ва сиғимдаги ёқилғи ҳақида маълумот беради. Қароқчилар эса ундан Австралиядаги диспетчерлар билан боғланишни талаб қилади. Бироқ масофа жуда узоқлиги учун бунинг иложи бўлмайди.
Аддис-Абеба аэропортидаги диспетчерлар қароқчилар билан музокара ўтказишга уриниб кўради. Бироқ улар ҳеч қандай музокара бўлмаслигини ва самолёт Австралияга учишда давом этиши кераклигини айтади.
Экипаж командири ҳар эҳтиётга қарши Ҳинд океани тепасидан эмас, Африка қитъаси қирғоқлари бўйлаб парвоз қилади. У ёқилғи тугаб қолса яқин атрофдаги аэропортга қўнишни режа қилганди.
Ҳалокат
Бир неча соатлик парвоздан сўнг самолёт Танзанияга тегишли Занзибар ороли устидан ўта бошлайди. Boeing-767 Дорус-Салом шаҳри тепасидан ўтаётганда учувчи қароқчиларга сездирмай йўналишни Комор ороллари томон ўзгартиради.
Комор ороллари Мадагаскардан шимолроқда, Ҳинд океанида жойлашган. Кўп ўтмай самолётдаги ускуналар ёқилғи тугаётгани ҳақида сигнал бера бошлайди. Шундан сўнг қароқчилар Австралиягача учиб бориб бўлмаслигини англаб етади.

Орадан бироз ўтгач самолётдаги двигателларнинг бири ўчади ва Boeing-767 пастлай бошлайди. Қароқчилар вазиятни муҳокама қилиш учун кабина эшигидан чиқади. Пайтдан фойдаланган учувчи йўловчиларга мурожаат қилиб вазиятни айтади.
“Хонимлар ва жаноблар, мен экипаж командириман. Самолётда ёқилғи тугаб қолди. Битта двигател ишламаяпти ва биз фавқулодда қўнишга тайёргарлик кўряпмиз. Мен барча йўловчилардан самолётни эгаллаб олган қароқчиларга реакция қилишларингни сўрайман”, дейди у.
Битта двигател ўчгач экипаж командири самолётдаги автопилотни ёқади. Бироқ қароқчилардан бири уни ўчириб қўяди.
Экипаж командирининг огоҳлантиришидан сўнг йўловчилар қутқарув нимчаларини кийиб, кислород баллончаларини қўлга олишади. Самолёт пастга шўнғишда давом этади.
Бироздан сўнг Boeing-767 океан устида 45 метр баландликда соатига 370 км тезликда уча бошлайди. Бу пайтда ваҳимага тушган қароқчилар учувчилар кабинасини тарк этган ва салонда қутқарув нимчасини қидиришга тушганди.
Ўшанда самолёт сувга бир текис тушганда балки талафот унча катта бўлмас ва ҳеч кимга ҳеч нарса қилмасди. Аммо бахтга қарши сувга аввал самолётнинг чап қаноти тегади ва унинг бўлакланиб кетишига сабаб бўлади.
Boeing-767ʼнинг бўлаклари бир зумда сув остига чўка бошлайди. Ўшанда хавфсизлик камарини ечишга улгурган озроқ йўловчилар тирик қолади. Бошқалар чўкиб кетади.

Маълумотларга кўра ўша куни самолёт бортида бўлган 175 кишидан 125 нафари ҳалок бўлади, 50 киши тирик қолади. Экипажнинг олти нафар аъзолари ва уч нафар қароқчи ҳам ҳалок бўлганлар орасида эди.
Boeing-767 Комор ороллари таркибига кирувчи оролдан 500 метр узоқликка қулаб тушганди. Самолётнинг қулаб тушганини кўрган орол аҳолиси дарҳол қайиқлар билан ҳалокат содир бўлган жойга етиб боради ва тирик қолганларни қутқаради.
Жароҳатланганларга оролда бўлиб турган франциялик шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатишади. Ўша пайтда оролда франциялик сайёҳлар ҳам бўлган, уларнинг бири самолёт қулашини тасвирга олган.
Кейинчалик ўтказилган суриштирувлар хулосасида самолётнинг қулаб тушишига ёқилғи тугагани сабаб бўлгани айтилади. Уч нафар йигитнинг нега самолётни эгаллаб олгани сабаблари номаълумлигича қолади.