Шайх Ҳамад кўпинча замонавий Қатарнинг асосчиси сифатида таърифланади: амир бу кичик мамлакатни ўз ҳудудидан анча катта сиёсий ва молиявий таъсирга эга, мустақил давлатга айлантиришга ёрдам берди.

Қатар давлатини 1995 йилдан 2013 йилгача бошқарган собиқ амир — Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний 12 июль куни 74 ёшида вафот этди. Унинг вафоти ҳақида хабар берган Қироллик девони ўлим сабаби очиқламади. Амирликда байроқлар туширилди ва тўрт кунлик расмий мотам эълон қилинди. Бугун қатарликлар «Ота амир» дея ҳурмат қиладиган Шайх Ҳамаднинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ҳарбийликдан амирликка

Қироллик девони биографиясига кўра, Шайх Ҳамад 1952 йилда Қатар пойтахти Доҳада туғилган ва ўша ерда вояга етган.

У 1971 йилда Буюк Британиядаги Сандхорст қироллик ҳарбий академиясини (Royal Military Academy Sandhurst) тамомлаб, Қатар қуролли кучлари сафига қўшилди. 1977 йил 31 майда Шайх Ҳамад валиаҳд шаҳзода ва мудофаа вазири этиб тайинланди. 1989 йилда эса Режалаштириш олий кенгаши раиси лавозимига тайинланиб, унга Қатарнинг ижтимоий ва иқтисодий сиёсатини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Ўша даврдаги таҳлилчилар ва дипломатлар Ҳамаднинг отаси – амалдаги амир Шайх Халифани Саудия Арабистони каби минтақавий кучларга ён босувчи шахс сифатида тасвирлашган. 1995 йилда Шайх Ҳамад отаси хорижда бўлган вақтда сарой тўнтаришини амалга ошириб, ҳокимиятни қўлга киритди.

2026-07-14 18.09.12
Доҳа. Амирнинг 1996 йилдаги илк чиқиши / Фото: Reuters

«Бўлаётган воқеалардан хурсанд эмасман, лекин буни қилиш керак эди ва буни мен қилишим шарт эди», деганди ўшанда Шайх Ҳамад телевидение орқали қилган мурожаатида.

New York Times'нинг ёзишича, Ҳамаднинг ҳукмронлиги Қатарни халқаро майдонда ҳам кенгроқ танитиш ва муҳим субъектга айлантиришга қаратилган улкан интилишлар билан ажралиб турди. Тез орада АҚШ Қатарда йирик ҳарбий базасини жойлаштирди, Шайх Ҳамад эса отасига қараганда Эрон билан яқинроқ алоқаларни йўлга қўйди.