Ўзбекистон | 14:14
5310
2 дақиқада ўқилади

Дилноза Каттахонова бош вазир ўринбосарлигига тайинланди

Зулайҳо Маҳкамова бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимини тарк этди. Унинг ўрнини шу вақтгача Ёшлар ишлари агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Дилноза Каттахонова эгаллади.

Фото: Dilnozaxon Kattaxonova / Telegram

Президентнинг тегишли фармони билан Дилноза Каттахонова бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.

У шу муносабат билан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Ўз навбатида, 2022 йил мартидан буён Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитасига раҳбарлик қилган Зулайҳо Маҳкамова бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Зулайҳо Маҳкамова / президент матбуот хизмати

Дилноза Каттахонова 1991 йил 2 июлда Қўқон шаҳрида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасига эга, Ҳарвард университетининг Жон Кеннеди номидаги давлат бошқаруви мактабининг магистрлик дастури тингловчиси.

Каттахонова турли йилларда «Камолот» ёшлар ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқида ишлаган, «Камалак» болалар ташкилотига раҳбарлик қилган.

2020 йил июлида Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари, 2023 йил декабрида агентлик директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

У Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, «Дўстлик» ордени, «Халқлар дўстлиги» ва «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид