Ўзбекистон | 13:46
3375
2 дақиқада ўқилади

Музаффар Комилов президент маслаҳатчиси бўлди

Музаффар Комилов президентнинг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бунгача у президент администрацияси диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи лавозимида ишлаётганди.

Фото: Kun.uz

Музаффар Муротович Комилов президентнинг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Музаффар Комилов давлат бошқаруви, диний-маърифий соҳалар ва таълим тизимида катта тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. У турли йилларда бир қатор масъул лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Шунингдек, у Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида проректор лавозимларида фаолият юритган.

Комилов 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори сифатида ҳам фаолият юритган ва диний-маърифий таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасидаги ишларга раҳбарлик қилган.

2026 йил март ойидан буён Президент администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

 

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид