Ўзбекистон | 18:09
3044
2 дақиқада ўқилади

Маданият вазирининг барча ўринбосарлари алмашди

Вазирнинг тўрт ўринбосари «бошқа ишга ўтиши» муносабати билан лавозимдан озод этилган ва унга тўрт нафар янги ўринбосар тайинланган. Хусусан, Болалар контентини ривожлантириш маркази директори Жаҳонгир Аҳмедов вазирнинг биринчи ўринбосари – Кинематография агентлиги директори, «Ўзбекконцерт» раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров вазир ўринбосари бўлди.

Ўзбекистон президентининг тегишли қарорлари билан Баҳодир Аҳмедов, Авазхон Тожихонов, Муроджон Мажидов ва Юсуфжон Усмонов маданият вазирининг ўринбосари (дастлабки иккиси биринчи ўринбосар) лавозимидан озод этилди.

Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Нодирбек Сайфуллаев / Маданият вазирлиги

У собиқ маданият вазири, марҳум Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўғли бўлиб, турли йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори (2019-2022), президент администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шуъбаси мудири (2022-2024) лавозимларида ишлаган, 2024 йил майидан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлаётганди.

Жаҳонгир Одилхўжаевич Аҳмедов маданият вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори лавозимига тайинланди.

Жаҳонгир Аҳмедов / ЎзА

Таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов 2023 йил декабрида президент администрациясида иш бошлаб, ижодий ташкилотлар ва кинематография соҳасини ривожлантириш шуъбаси етакчи инспектори лавозимига тайинланганди. 2025 йил майидан буён Болалар контентини ривожлантириш марказида директор сифатида ишлаётганди.

У вазир ўринбосари бўлиш билан бирга 2024 йил ёзидан буён Кинематография агентлигига раҳбарлик қилиб келган Шуҳрат Ризаевни ҳам алмаштирди.

Одилжон Абдуғаниевич Абдуқаҳоров маданият вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Одилжон Абдуқаҳҳоров / Маданият вазирлиги

Одилжон Абдуқаҳҳоров 2017–2020 йилларда «Ўзбекконцерт»га раҳбарлик қилган, кейинроқ маданият вазирлиги ҳузуридаги халқаро фестиваллар дирекцияси раҳбари бўлиб ишлаган, 2025 йил мартида «Ўзбекконцерт» раҳбарлигига қайтганди.

Шунингдек, Санжар Бахтиёрович Бобожонов маданият вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Санжар Бобожонов / Маданият вазирлиги

У муқаддам маданият вазирлиги таҳлилий назорат бошқармаси бошлиғи бўлган, кейинроқ президент администрациясида маданият ва санъатни ривожлантириш шуъбаси масъул ходими, президентнинг маданият бўйича вакили бўлинмасининг бош инспектори лавозимларида ишлаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид