Жамият | 20:19
658
1 дақиқада ўқилади

MyGov сайтини сохталаштириб, одамлардан 1 млрд сўм ўғирлаган жиноий гуруҳ ушланди

Ягона интерактив давлат хизматлари портали сайтини (my.gov.uz) сохталаштириб, фуқароларнинг пулини ўзлаштирган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, улар сохта сайт яратиб, Instagram орқали «компенсация расмийлаштириш маркази» номи остида ёлғон реклама тарқатган.

Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳни 1993 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс ташкил этган. У сохта сайт орқали фуқароларнинг карта маълумотларини қўлга киритиб, пулларни ечиб олган. Гуруҳ 26 нафар фуқаро номига расмийлаштирилган 293 та банк картасидан фойдаланган. Ўғирланган маблағлар дастлаб ушбу карталарга ўтказилган, кейин эса Telegram мессенжеридаги махсус криптоботлар орқали криптоактивларга айлантирилган.

Тергов давомида мазкур жиноий гуруҳ республика бўйлаб 456 нафар фуқародан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиргани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 278-6-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид