Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Харитада йўқ, аммо дунёдаги энг идеал жамият ҳақида эшитганмисиз? | 5 дақиқа
Агар сизга бир мамлакатни бошқариш вазифасини беришса, ишни нимадан бошлардингиз? Йўлларни тузатишданми? Маошларни оширишданми? Ёки коррупцияни йўқотишданми? Қизиғи, беш юз йил аввал яшаган бир одам ҳам худди шу ҳақида бош қотирган.
Ўша одамнинг исми Томас Мор эди. Унинг “Утопия” деган китоби бор. “Утопия” - бир вақтнинг ўзида “энг яхши жой”, шу билан бирга “ҳеч қаерда йўқ жой” деган маънони англатади. Яъни бу жойни харитадан излаб ўтирманг.
Инсоният ҳамиша идеал ҳаётни излаб келган. Доим нимадир етишмаётгандек яшаймиз. Талаба “Дипломни олсам, ҳаммаси яхши бўлади”, деб ўйлайди. Ишлаётган одам “Маошим ошса, ҳаётим ўзгаради”, дейди. Тадбиркор “Яна битта лойиҳани тугатай, кейин дам оламан”, деб хаёлга берилади. Ҳатто болалар ҳам “катта бўлсам...” деб орзу қилади. Аммо бахт ҳамиша яна бир қадам нарида тургандек туюлади.
Томас Мор жамиятга ойна тутади. Бу ойнада эса ўша давр Англиясини акс эттиради. Бойлар тобора бойиб бораётган, камбағаллар эса тирик қолиш учун курашаётган жамият. Ерлар озчилик қўлига ўтиб кетганди. Оддий деҳқонларнинг қўйларчалик яшашга ҳам ҳаққи қолмаганди. Очлик, ўғрилик авжига чиққанди. Судлар шафқатсиз, жазо турлари оғир, бироқ адолат йўқ эди.
Томас Мор бизга Рафаэл Ҳитлодей деган саёҳатчини таништиради. Бу одам кўп юртларни кўрган, кўп халқлар билан яшаган, замонасидан илгарилаб кетган инсон эди. Утопия ҳақидаги барча ҳақиқатларни ўша сайёҳ гапириб беради.
Утопияда одамлар кунига олти соат ишларди. Қолган вақтини эса илмга, китобга, ҳунарга, санъатга бағишларди.
Ҳеч ким бойлигини кўз-кўз қилмасди. Чунки у ерда бойлик ҳурмат мезони эмасди.
Олтин ҳамиша куч-қудрат, бойликнинг асосий манбаи бўлиб келган. Уни яшириб қўямиз, тақинчоқ қиламиз, мерос қилиб қолдирамиз. Утопияда эса олтиндан маҳбусларнинг оёғига занжир ясаларди. Болалар ундан ўйинчоқ сифатида фойдаланарди. Шу ерга келганда сизда табиий савол пайдо бўлади. Нарсанинг қиймати унинг ўзидами ёки биз берган маънодами?
Шу ерда мавзу чуқурлашади, демак, "Утопия" қандайдир давлат ҳақидаги китоб эмас. Бу китоб инсонларнинг онги, тафаккури ҳақида. Томас Мор аста-секин ўқувчини шундай хулосага етаклайдики, адолатсиз жамият тасодифан пайдо бўлиб қолмайди. Уни адолат ҳақида гапиришни яхши кўрадиган, аммо адолатни ўзидан бошламайдиган одамлар яратади.
Китобда идеал жамиятни топишдан кўра унда яшай оладиган инсонларни тарбиялашга эътибор қаратилади.
Утопия аҳолиси ҳеч нарсага эгалик қилмайди, лекин барча қулай нарсалардан фойдаланади. Улар учун “бу меники” деган тушунчадан кўра “бу бизники” деган тушунча муҳимроқ. Албатта, бу ғоя бугунги дунёда баҳсли эшитилиши мумкин. Чунки хусусий мулк тараққиётнинг муҳим омилларидан бири. Лекин Морнинг мақсади шунчаки иқтисодий тизим ҳақида тасаввур шакллантириш эмасди. У инсонларда “етарли” деган туйғунинг йўқлигини танқид қилади.
Аслида ҳам бир хонадонга етгач, каттароғини хоҳлаймиз. Каттароғи бўлса, яна қулайроғи керак. Телефон олсак, бир йил ўтмай янгиси чиқади. Кеча орзу қилган машинамиз бугун кўзимизга ғариб кўринади.
Шу орқали муаллиф бойликнинг ўзи эмас, бойликка бўлган ташналик, очкўзлик одамни бахтсиз қиляпти, демоқчи бўлади.
Томас Мор бой бўлиш ёмон демайди. У бойлик инсоннинг ягона мақсадига айланиб қолишидан хавотир олади. Шу ўринда беихтиёр “Пул яхши хизматкор, лекин жуда ёмон хўжайин”, деган машҳур иборани ёдга оламиз.
Қизиғи, Томас Морнинг тақдири ҳам ўзи ёзган асарига ўхшаб кетади. У Англия қироли Генрих VIII нинг энг ишончли амалдорларидан бири бўлган. Лекин бир кун келиб виждони билан ҳокимият ўртасида танлов қилишга тўғри келади. У виждонини танлайди. Бу қарор унга қимматга тушади. Мор қатл этилади. Шундай экан, “Утопия”ни ёзган одам адолат ҳақида шунчаки чиройли гаплар айтмаган. У ўз қарашлари учун жонини ҳам берган.
Асарни ўқиш давомида идеал жамиятни излашдан тўхтайсиз, ўша идеал жамиятда яшашга муносибманми, деган саволлар қаршисида қоласиз. Чунки ҳар бир жамият миллионлаб одамларнинг характерини умумлаштиради. Ҳалол одамлар кўпайса, ҳалол давлат пайдо бўлади. Бефарқ одамлар кўпайса, бефарқ жамият шаклланади. Буни ҳеч қандай қонун ўзгартира олмайди. Бугун биз қандай одам бўлсак, шундай жамиятга муносибмиз, деган қарорга келасиз.
Мавзуга оид
14:31 / 11.07.2026
Ҳар куни бир хил хатони такрорлаяпмиз - “Атом одатлар” | 5 дақиқа
11:20 / 05.07.2026
Ўзганинг ҳаётини яшаган одамлар: мансабнинг баҳоси қанча? | 5 дақиқа
14:49 / 28.06.2026
Инсониятни вабо эмас, бефарқлик мағлуб қилади | 5 дақиқа
12:15 / 13.06.2026