Ҳеч ким виждонини бир кунда йўқотмайди. Бу жараён секин-аста содир бўлади. Аввал ҳақиқатни айтмайсиз, кейин ноҳақликни кўриб ҳам жим турасиз. Кейин эса сукунатингизни “шароит”, “мажбурият”, “оила” ёки “мансаб” деган сўзлар билан оқлай бошлайсиз. Энг хавфлиси ҳам шу. Чунки инсонни мана шундай кичик муросалар ўзгартиради.
5 дақиқа’нинг навбатдаги сонида Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романи ҳақида гаплашамиз.
Шубҳасиз, асар марказида Назар Яхшибоев туради. Бир қарашда у одатдаги амалдордан бири. Ҳаёти давомида мансаб кўрган, даврнинг юқори қатламларида юрган инсон. Аммо муаллифни унинг лавозими эмас, кўпроқ “ичкариси” қизиқтиради. Инсон қачон ўзини йўқота бошлайди? Қачон мансаб шахсиятдан устун келади? Қачон одам ҳақиқатни эмас, ўзи ишонишни хоҳлаган ёлғонни ҳимоя қила бошлайди? Роман шу каби саволларга жавоб беради.
Бу асарни кўпчилик “совет тузуми ҳақидаги роман” дейди. Бу фикрда жон бор, албатта. Сабаби, асарда ўша давр муҳити, амалдорлар психологияси, ҳокимиятнинг инсонни қандай ўзгартириши жуда кучли тасвирланган. Лекин “Лолазор”нинг ҳақиқий қиймати яна ҳам чуқурроқда.
Чунки тузумлар алмашади, даврлар ўзгаради. Лавозимлар бошқача номланади, аммо инсоннинг табиати деярли ўзгармайди.
Муаллиф асарда вақтни одатдагидек тасвирламайди. Кеча, бугун ва эртага деган тушунча бир-бирига қоришиб кетган. Бу услуб ҳам тасодифий эмас. Чунки инсон ўз ҳаётини ана шундай эслайди. Ўзингиз ва ўзгаларда қолган узуқ-юлуқ хотиралар билан бутун ҳаётингизни тиклайсиз.
Бу асарнинг номланиши ҳамиша муҳокамаларга сабаб бўлиб келган. Ҳамма ўзича талқин қилади, англаган ҳақиқатини гапиради.
“Лолазор” оддий бир жой номи эмас. У инсон онгида сақланиб қолган бир дунё, қайтиб бўлмайдиган поклик, орзу ва ёшликнинг рамзига айланади. Яхшибоев қанча баланд кўтарилмасин, ботинида ўша йўқотилган маънавий маконни қидиришдан тўхтамайди. Фожиа шундаки, баъзи манзилларга қайтишнинг иложи бўлмайди, ҳаёт бу имкониятни инсонга қайтадан бермайди.
Ёзувчи романда жуда нозик киноядан фойдаланади. У қаҳрамонларини масхара қилмайди. Бироқ уларнинг ўзларини муҳим деб билган ишлари вақт олдида нақадар арзимас эканини кўрсатади. Бир пайтлар ҳал қилувчи бўлиб туюлган йиғилишлар, баландпарвоз маърузалар, мукофотлар, мансаблар... йиллар ўтиб, буларнинг барчаси хотиранинг чанг босган бурчагида қолиб кетади. Қоладиган ягона нарса инсоннинг виждони билан муносабати, ўзини қай даражада тоза сақлаб қолгани, демоқчи бўлади.














