Жорий йилнинг 25 январь куни KUN.UZ сайти орқали “Молия вазирига: "Уч дипломли ватанпарвар бир йигит ишсизликдан қачонгача сарсон бўлади?" сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда уч дипломга эга бўлган олий маълумотли Оқилжон Охунжонов деган йигитнинг ўз соҳасида иш қидириб, сарсон бўлгани, иш сўраб борган жойлари эса турли важ ва баҳоналар билан сансоларлик қилгани баён қилинган эди.

Мақола муаллифи Каримберди Тўрамуроднинг маълум қилишича, ушбу мақола эълон қилинганидан 12 соат ўтиб, йигитнинг муаммоси ҳал этилган.

Оқилжонни айнан Молия вазирлигига таклиф қилишган. Кадрлар бўлими бошлиғи шахсан қабул қилиб, “Уч дипломинг бўлса, молиячи бўлсанг, хат ёзиб, тўғри қилибсан, болам”, деб бўш иш ўринларидан бирини танлаши мумкинлигини айтади. Оқилжон яшаб турган жойига яқиндаги ишни танлайди. 

Танловга кўра, вазирлик уни Тошкент шаҳар ҳокимлиги пенсия таъминоти бўлимига юборибди. У ердагилар Оқилжонни очиқ юз билан кутиб олиб, ҳужжатларини олишибди ва душанба кунидан иш бошлашини, унгача буйруқларни ўзлари тайёрлаб қўйишини айтишибди. 

“Дуо қилинглар, Оқилжон Охунжонов душанба куни пенсия таъминоти бўлимида иш бошлайди! Ҳалол ишласин! Қўли порага булғанмасин! Элим десин, юртим десин!

Бизга мурожаат қилгани учун Оқилжонни маломат қилганлар, Молия вазирига мурожаат ёзиб, KUN.UZ сайтида эълон қилганим учун мени маломат қилганлар, “Бундан бир иш чиқармиди?”, деб менсимаганлар бармоқларини тишласин энди!

Орада менинг соддалигимдан фойдаланиб, “Шу йигитнинг телефон рақамларини беринг, биз ишга оламиз”, деган кейин эса Оқилжонни чақириб, “Нега бизни ёздинг, қачон мурожаат қилувдинг, ким сенга қўпол муомала қилувди, исботлайсан, энди биз Молия вазиридан балога қоламиз”, деб Оқилжонга зуғум қилганлар ҳам тирноғини ямласин!

Азизлар! Ўзингизга керакли эшикни тақиллатишдан уялманг ҳам, қўрқманг ҳам, ноумид ҳам бўлманг, тақиллатаверинг, бир кун очилади! 

Бир ўзингиз тақиллатишга ийманаётган бўлсангиз, биргалашиб тақиллатишга тайёрмиз!

Мақсадимиз битта: “Халқ биздан рози бўлсин!” Шунда Аллоҳ ҳам биздан рози бўлади!”, деб ёзади Каримберди Тўрамурод.