8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

23:30 / 15.06.2019 9124

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори умумхалқ муҳокамасига қўйилди.  

Ҳужжат лойиҳасига кўра, давлат бюджети маблағларидан ижтимоий суғурта бўйича қуйидаги нафақалар тайинланади ва тўланади:

- ҳомиладорлик ва туғиш учун;

- бола туғилгани учун;

- қўшимча дам олиш куни учун;

- дафн этиш маросими учун.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаш билан боғлиқ харажатлар:

- бюджет ташкилотлари томонидан — меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;

- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан — фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларига нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи улар томонидан белгиланган тартибда суғурта бадалини тўлаш даврида пайдо бўлса, берилади.

Ҳужжатда айтилишича, дафн этиш маросими учун нафақа вафот этган шахснинг турмуш ўртоғи, ота-онаси, фарзандлари ёки бошқа қариндошлари ёки марҳумнинг қонуний вакилига, бундай шахслар бўлмаган тақдирда – дафн маросимини ўтказишни зиммасига олган шахсга берилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилади:

- вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда (шикастланишда);

- санаторий-курортларда даволанганда;

- касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;

- карантинда;

- сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

- меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Рус тилида жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасининг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.   

Шуни қайд этиш жоизки, ўтган йили 22 ноябрь куни Адлия вазирлиги барча вазирлик, идора ва ташкилотларга (жами 120 та) хат чиқариб, Ўзбекистонда «Давлат тили ҳақида»ги қонун борлигини яна бир бор эслатиб, бундан кейин муҳокама қўйилаётган лойиҳаларни албатта давлат тилида (яъни ўзбек тилида), зарурият туғилганда эса бошқа тилларда порталга жойлаштиришни сўраганди.

Top