19:10 / 09.10.2019
0
5673
Туркманистонда энг кенг тарқалган VPN иловалар блокланди

Туркманистонда сўнгги бир ой ичида бир нечта энг оммабоп VPN иловалар блокланди, аҳоли бу иловалар ёрдамида мамлакатдаги Интернетга қўйилган тўсиқни четлаб ўтарди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Нашр манбаларининг айтишларича, бепул ва пуллик VPN хизматлар, ҳатто туркманларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда маҳаллий мутахассислар томонидан яратилган хизматлар ҳам блокировка қилинади. Манбалар, шунингдек, Туркманистон аҳолиси VPN иловаларни кўпинча ўзлари ўрнатмасликларини қайд этган. Ушбу хизмат телефон таъмирловчилар ёки телефон сотувчилар томонидан пул эвазига кўрсатилади. Сўнгги пайтларда назоратнинг кучайиши боис фуқаролар блоклашни четлаб ўтишга уринишдан воз кеча бошладилар. Улар бир неча кундан сўнг блокланадиган VPN ўрнатиш учун пул тўламоқчи эмаслар.

Нашрда қайд этилишича, блоклашнинг фаоллашиши мамлакатда киберхавфсизлик хизмати ташкил этилган вақтга тўғри келди. Бунгача ушбу масала билан шуғулланадиган ягона орган йўқ эди.

Туркманистонда сайтларни блоклаш масаласи расман ҳеч қандай тарзда акс этмайди - бу борада ҳеч қандай фармон ва суд қарорлари қабул қилинмайди. Шу билан бирга, мамлакатда барча машҳур хорижий ижтимоий тармоқлар, мустақил ОАВ, мавжуд режимни танқид қилувчи ҳар қандай сайтлар блокланган. Ҳукумат вақти-вақти билан оммабоп хизматларнинг миллий муқобилларини яратишга уринса-да, Интернетнинг туркман сегменти унчалик яхши ривожланмаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top