21:22 / 26.02.2020
0
32059
«Аёл бўлгани учунгина унга кўп эшиклар ёпилади» – Саида Мирзиёева гендер тенглиги ҳақида

25 февраль куни Тошкентда «Ўзбегим аёли» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева сўзга чиқди.

«Жонини гаровга қўйиб, янги инсонга ҳаёт берган аёл борки, дунё дунё бўлиб турибди.

Ўзидан кечиб, бутун умри, меҳрини яқинларига бағишлаган аёл борки, дунё дунё бўлиб турибди.

Турмуш гўзалроқ, обод бўлсин деб, билими, куч-қувватини аямаган аёл борки, дунё дунё бўлиб турибди.

Ожиза деб аталгувчи сиз аёллар ҳар лаҳзада кучингиз, бардошингизни намоён қиласиз. Сизнинг ҳар кунингиз қаҳрамонлик. Кўзга кўринмайдиган, биров билиб, биров билмайдиган жасоратдир. Сиз таҳсинга сазоворсиз.

Рўзғорим бут, бирим икки бўлсин деб ҳунар эгаллаган, кечаларни бедор ўтказган муштипарим. Сиз таҳсинга сазоворсиз.

Ҳар қандай шароитда ўз устида ишлаган, билим олишга интилган зиёли опа-сингилларим. Сиз шу юртга илм дурини таратяпсиз. Ватанимизни сиздан тарбия олган ўғил-қизлар юқори чўққиларга кўтаради. Сиз таҳсинга сазоворсиз.

Барча аёллар каби ўзбек хотин-қизларининг ҳам орзулари чексиз. Кимдир учувчи, яна кимдир ҳарбий, архитектор, муҳандис, кашфиётчи, дастурчи, терговчи бўламан дейди, қизиқади шу соҳаларга. Аммо эркакларга нисбатан кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини тезда тушуниб олади. Аёл бўлгани учунгина унинг қаршисида кўп эшиклар ёпилади. Ана шундай қилиб, умид сўнади, орзулар чилпарчин бўлади.

Аммо тарихдан маълум, катта куч талаб қиладиган касбларда ҳам аёллар ютуқларга эришган. Урушга кетган эркаклар ўрнига завод станокларини бошқарган ҳам хотинлар. Зарур бўлса, қўлига қурол олган ҳам шулар. Далага чиққан ҳам аёллардир.

Қанчадан-қанча аёллар илм-фан ва маданиятда оламшумул зафарларга эришган, дунё тан олган, ноёб мутахассис даражасига етган.

Мана мисол – жаҳонга танилган аёл дирижёрлардан бири ҳамюртимиз, шу заминда яшаб ижод қилган Дилбар Абдураҳмонова бўлади. Академик Ҳадича Сулаймонова Марказий Осиёда биринчи суд экспертизаси институтининг асосчиси. Археологимиз Галина Пугаченкова илмий ишларининг довруғи бутун дунёга тарқалган. Ёки энг сўнгги янгиликлардан Азиза Шоназарова Колумбия университети профессори мақомини олган биринчи ўзбекистонлик бўлса, Нигора Ҳакимова Оксфорд университетининг исломшунослик марказида  ўзбекистонлик илк тадқиқотчи аёл бўлди.

Бу даражага етиш осон дейсизми? Албатта, оила, фарзандлар, яқинларига етарли вақт ажратиш билан бирга ютуқларга эришиш жуда мушкул.

Аёлнинг табиати шундай. Керак бўлса улғаяди, чидайди, кучли бўлади», деди Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёева ҳозирда 65 ёшни қаршилаган аммаси ҳақида гапириб берди.

«Бувим вафот этганларида дадам 9, опалари 12 ёшда бўлганлар. Мана шу 12 ёшли қизалоқ дадамни она ўрнида вояга етказган. Ўқишга кириб Самарқандга кетган пайтларида ҳам стипендияни ўзларига ишлатмай, укалари, яъни дадам билан баҳам кўрганлар.

Ўзлари ёшгина бўлиб, онасиз қолган укага ғамхўрлик қилиш улар учун табиий ҳол бўлган, «мен қаҳрамонлик кўрсатяпман» деган фикр аммажонимнинг хаёлига ҳам келмаган», – деди Мирзиёева.

У 16 февраль куни Дубайда ўтган Бутунжаҳон аёллар форумида қатнашганини эслаб ўтди.

«Форумдан кейин аммамдан телефон бўлмади. Ҳайронман, аммам кўрмай қолдилармикин? Кейин билсам, iPhone телефонлари бузилиб қолибди.

65 ёш бўлсалар ҳам, iPhone ишлатадилар. Ҳар доим ёзиб турадилар. Уни қўйинг, 76 ёшли бувим репост қилишни ҳам биладилар, матн ҳам ёзадилар, бирон жойида хато кетса таҳрирлаб ҳам қўядилар», – дейди Саида Шавкатовна.

«Яқинда турли соҳа мутахассислари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Журналистлар нега бизда юқори лавозимларни эгаллаган раҳбар аёллар сони жуда кам, деб сўрашди. Эркаклар қандай жавоб берганини англаш қийин эмас. Раҳбар бўлиш аёлларга оғирлик қиларкан. Гўёки, аёл киши фақат уй-рўзғор юмушлари, эри, фарзандлари ва ота-онасига ғамхўрлик қилишни уддалар эмиш.

Аслида-чи? Хоҳиш, мақсад ва интилиш бўлса, аёл киши ҳар қандай вазифани бажара олади», деди Мирзиёева.

У Боёвут туманига Дилфуза Уралова ҳоким этиб тайинланганини мисол келтираркан, давлат бошқаруви, ҳокимлик, вазирлик ва идораларда аёл раҳбарлар кўпроқ бўлишини исташини яна бир бор таъкидлади.

«Аёл ўзи учун имтиёз талаб қилмайди, ортиқча хайрихоҳлик кутмайди. Унга ўзини намоён қилиш учун эркаклар билан тенг шароит яратиб, адолатли муносабатда бўлинса бас.

Аёлларга айтар сўзим шуки, қадрингизни билинг, орзуларингиздан воз кечманг, қийинчиликдан қўрқманг, сира ортга чекинманг. Сиз таҳсинга сазоворсиз», деди Саида Мирзиёева.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top