11:28 / 06.03.2020
0
2070
Сума Чакрабарти Самарқанд ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши йиғилишини ўтказиш ҳуқуқини олишига ишонч билдирди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабартининг ишонч билдиришича, Ўзбекистоннинг 2023 йилда банк бошқарувчилари кенгаши йиғилишини Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Фото: ebrd.com

«Йиғилишни Самарқандда ўтказиш масаласи бошқарувчилар томонидан май ойи ўрталарида кўриб чиқилади. Ҳеч қачон қарорни олдиндан била олмайсиз, лекин мен ишонаманки, жавоб ижобий бўлади. Икки ойдан сўнг бизда яхши янгиликлар бўлади, деб умид қиламан», - деди Чакрабарти Тошкентдаги матбуот анжуманида.

2019 йил декабрь ойида ЕТТБ бош котиби Энзо Кваттрочокке ЕТТБ бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказиш имкониятини баҳолаш учун Самарқандга ташриф буюрди. Унга сайёҳлик маркази, замонавий меҳмонхоналарни барпо этиш, шунингдек, транспорт инфратузилмасини комплекс ривожлантириш концепцияси, коммуникация тармоқларини кенгайтириш, аэропорт ва темир йўл вокзалини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.

Бундан олдин, Ўзбекистон 2023 йилда ЕТТБ бошқарув кенгаши йиллик йиғилишини Самарқандда ўтказишни таклиф қилгани хабар берилганди.

2019 йилда ЕТТБнинг 500 миллион евродан зиёд сармояси мамлакатдаги 13та лойиҳага киритилди ва шундан 9та лойиҳа хусусий секторга тегишли. Бугунги кунгача, ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 79 та лойиҳалар орқали 1,85 млрд. евро сармоя киритган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top