08:43 / 23.03.2020
25101
Бойсундаги фусункор табиат ва тоғ қишлоғига олиб борувчи йўл (видео)

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган Дуғоба маҳалласидан тушган мурожаатни ўрганиш учун туманга бордик.

Сўраб суриштирдик, Дуғоба – туман маркази Бойсун шаҳридан 35 км узоқликдаги баланд тоғлар орасидаги қишлоқ экан.

У ерга бориш учун хусусий ташувчилар киракашлик қиладиган бекатга бордик. Машинамиз – «Tracker», бироқ маҳаллий ҳайдовчилар бу замонавий машина тоғ йўлига ярамаслигини айтишди. У ерга фақат халқ ичида «Виллис» номи билан машҳур «УАЗ» йўлтанламаслари бора олар экан.

Бундан ҳайрон бўлиб, ноилож, улардан бирини бориш-келишга савдолашдик. Ҳайдовчимиз, ўзининг айтишича, оиладаги 9 фарзанднинг кенжаси Норбой бизга ҳамроҳ бўладиган бўлди.

Дастлаб, Паданг қишлоғидан ўтдик. Бу қишлоқдан кейинги ялангликда – табиат қўйнида ҳар йили «Бойсун баҳори» этнографик фестивали ўтар эди. Коронавирус сабабли бу йилгиси қолдирилди. Атроф эса баҳорий фусункор тус олган эди.

Дарвоқе, худди шу Паданг қишлоғидан сал юқорироқда «магнитли майдон» номи билан машҳур, табиат аномалияси кузатиладиган тепалик бор. Бир вақтлар у ердан ҳам репортаж тайёрлаган эдик. Таниш жойлар…

Тоғ йўлларидан туртила-суртила юқорига ўрмалай бошладик. Атрофни енгилгина баҳор ёмғиридан сўнг арчанинг ўткир, бироқ ёқимли ҳиди қоплаб олган. Инсон ўпкасининг сиғими қанча эканини бемалол ҳис қиладиган мусаффо ҳаво…

Ҳу-ув пастда Омонхона зиёратгоҳи ва сиҳатгоҳи кўриниб турибди. Биз эса уларни булутларга бошимиз теккудек, қўрқа-писа кузатиб турибмиз. Сал қадам боссанг – нарёғи тубсиз жарлик…

Тоғда қулунлар, мол-ҳоллар кўклам майсаларни эринчоқлик билан чимдиб юришибди. Ҳа, тоғ аҳли йилқичилик, чорвачилик ва боғдорчилик ортидан кун кўради.

Йўлбошчимиз Норбойнинг айтишича, тоғ аҳли туман маркази Бойсунга фақат рўзғор учун бозорлик қилишга боришар экан. Ун, ёғ, қанд-қурс, совун-повун дегандек… 35 км йўл қарийб 1,5 соатда босиб ўтилади. Норбойнинг мақтанишича, «УАЗ»ига 15 та одам сиғади. Ҳарқалай, у биздан 10та одамнинг бориш-келиш пулини олди.

Олдин асфальт тугади, кейин асфальт юқи қолган йўллар тугади, ундан сўнгра шағал йўллар… Кўп ўтмай нима учун фақат «УАЗ» билан билан бу ерга келиш кераклигини англатиб қўювчи йўлларга етдик. Ярим метр – бир метр лой йўлга арча шохлари ташланган, «УАЗ» силкина-силкина, чайқалиб шу йўллардан олиб ўтди. Тиқилиб қолмади, ҳар қалай…

Ниҳоят, ҳали қорлари эриб битмаган қоялар ошиб, Дуғоба қишлоғига етиб келдик. Бетакрор табиат. Уч хил тусда сув пишқириб оқаётган дарё, сой ва жилға. Янги туғилган қўзичоқлар ва бузоқлар. Ҳали энди ниш урган дарахтлар. Табиат ҳали бу гўшада баҳорга ҳомиладор…

Шундай гўзал масканларимиз бор экан. Ҳақиқий жаннатмонанд юртда яшаймиз. Айниқса, баҳорда бу гўшалар ўзгача қиёфа касб этади. Йўллар яхши бўлса экан, келиб, мазза қилиб тоза ҳаводан симириб турсанг, ҳали чимилдиқни тарк этмаган келинчакдек гўзал табиатдан завқ олсанг. Ким билади дейсиз, кўздан пана, овлоқ жойлар бўлгани учун ҳам бу ерлар шундай сақланаётгандир…

Мурожаатчилар билан учрашдик. Уларни тингладик. Уни алоҳида мавзу қилиб эътиборингизга ҳавола этамиз. Лекин, бу қишлоққа бориб келишнинг ўзи бир саргузашт. Уни алоҳида баён этишга қарор қилдик.

Дарвоқе, биз тоғ қишлоғига бориб келгунимизча Бойсунда нўхатдек дўл ёғиб улгурибди…

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Top