00:12 / 23.03.2020
107712
Ўзбекистонда яна икки киши коронавирус юқтириб олгани аниқланди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони айни пайтгача яна иккитага ошиб, 45 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, ушбу инфекция аниқланган икки фуқаро хорижда бўлиб коронавирусга чалинган беморлар билан яқин мулоқотда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати 15 март куни қайд этилган, 11 март тонгида Париждан учиб келган аёлга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганди. Кейинроқ Лондон, Истанбул ва Дубайдан келган авиарейслар йўловчиларида ҳамда улар билан алоқада бўлганларда вирус аниқланди. 22 мартда улар қаторига Швейцарияда бўлиб қайтган бемор ҳам қўшилди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг сўзларига кўра, коронавирус аниқланган шахсларнинг камида 16 нафари битта бемор билан алоқада бўлган.

Якшанба куни тушга яқин берилган маълумотга кўра, касалланганларнинг 9 нафарида ўпканинг яллиғланиши, яъни пневмония ҳолати қайд қилинган. Оғир аҳволдаги беморлар йўқлиги айтилмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top