22:32 / 13.04.2020
24969
ССВ нима учун ҳайвонларга қўлқоп билан тегинишни тавсия қилиб смс юбораётганига изоҳ берилди

Республика давлат санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг айтишича, Ўзбекистонда коронавирусни келтириб чиқарувчи кўршапалаклар учрамайди, бироқ уй ҳайвонлари ҳам ўртадаги восита бўлиб қолиши мумкин.

“Коронавирус касаллигини келтириб чиқарувчи табиий манба – бу кўршапалаклар. Кўршапалакларнинг COVID-19’ни чақирадиган тури Ўзбекистон ҳудудида учрамайди. Одамларимиз ҳам улар билан мулоқотда бўлмайди, лекин шу нарсани ёдда тутишимиз керакки, уй ҳайвонлари ҳам ўртадаги восита бўлиб қолиши мумкин.

Қолаверса, уй ҳайвонларидан жуда кўп: эхинококкоз, иерсиниоз, паразитар касалликлар, гижжа касалликлари ҳамда юқумли ичак касалликлари юқиши мумкин. Шу нуқтаи назардан ССВ томонидан фуқароларнинг мобиль телефонларига юборилаётган хабарлар шахсий гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда яшаш тарзини жорий қилиш бўйича тавсия ҳисобланади.

Шу ўринда бир нарсани айтмоқчиманки, ҳозирги карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, тайёрлаш билан шуғулланадиган умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилган. У ерлардаги қолдиқ овқатларни еб, яшаб юрган дайди ҳайвонлар ҳам кўчага чиқиб кетди. Шу сабабли аҳоли пунктларида дайди ит-мушукларнинг кўпайиш ҳолатлари учрамоқда. Аҳоли яшаш пунктларидаги эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ўзига боғлиқ. Агар шундай дайди, қаровсиз қолган ҳайвонларни кўришса, бу ҳақда туманларда жойлашган ит тутиш бригадаларига зудлик билан мурожаат қилишларини сўраймиз. Чунки дайди ҳайвонлар, айниқса, итлардан ўта хавфли юқумли касаллик – қутуриш касаллиги юқиши мумкин”, дея Баҳром Алматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавируснинг уй ҳайвонларига юқиш-юқмаслиги борасида маълумот бериб, уй ҳайвонларида ҳам коронавирус аломатларига ўхшаш касалликлар учраб туриши, лекин ҳозирга қадар COVID-19 одамлардан ҳайвонларга, ҳайвонлардан одамларга ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтган эди.

Вируснинг асл ташувчиси кўршапалаклар бўлиб, кемирувчилар ёки бошқа баъзи турдаги ҳайвонлар оралиқ турдаги ташувчи вазифасини бажарган бўлиши мумкинлиги, Уҳандаги ҳайвон бозори вирус ҳайвонлардан одамга юққан ҳудудга айлангани ҳақида фикрлар ўртага ташланганди.

Февраль ойида Хитой ҳукумати COVID-19 хасталигини келтириб чиқарувчи коронавирус эпидемиясининг олдини олиш мақсадида, ёввойи ҳайвонлар гўштини сотиш ва ейишни тақиқлаган, апрелга келиб ит ва мушукларни ейиш тақиқланганди.

Хитойлик олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, мушукларга коронавирус юқиши мумкинлиги аниқланган. Аммо вируснинг мушукдан одамга юқиши ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top