15:36 / 15.04.2020
22754
Каттақўрғондаги портлашга нима сабаб бўлгани маълум қилинди

Хонадон эгалари газ плитасига чойнакда сув қўйиб, ошхонани тарк этганлар. Сув қайнагач, хонадон эгалари томонидан ўз вақтида ўчирилмаганлиги сабабли, қайнаётган сув тошиб, оловни ўчирган

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 12 апрель куни эрталаб чамаси 07:20лар атрофида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги икки қаватли турар-жой биноларидан бирида ҳаво-газ аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлгани хабар қилинганди.

Ушбу ҳолатни ўрганиш бўйича «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ бош директори Холмурод Бобомуродов бошчилигида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, ўрганиш давомида қуйидагилар аниқланди.

Чақнаш содир бўлган ушбу икки қаватли, ертўласиз ҳамда иккита кириш йўлагига эга турар жой биноси 1960 йилда қурилган ва газ таъминотига уланган. Хонадонларда газ плиталари мавжуд, аммо, иситиш тизими мавжуд эмас.

«Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ мутахассисларининг ўрганиш бўйича хулосаларига кўра, чақнаш содир бўлган хонадонда “Брест” маркали тўрт кампараклик (кўзли) газ плитаси барча техник талабларга жавоб берган, хонадондаги газ қувурлари ҳам соз ҳолатда бўлганлиги аниқланди. 

Содир бўлган ҳодисага эса газ жиҳозларидан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик сабаб бўлган. Хонадон эгалари газ плитасига чойнакда сув қўйиб, ошхонани тарк этганлар. Сув қайнагач, хонадон эгалари томонидан ўз вақтида ўчирилмаганлиги сабабли, қайнаётган сув тошиб, оловни ўчирган. Газ сизиб чиқишининг давом этиши натижасида, ошхонада хавфли ҳаво-газ аралашмаси тўпланган. Хонадон эгаси хонани шамоллатмасдан туриб, гугурт ёқиб юборган ва чақнаш содир бўлган. Натижада, хонадонда яшовчи уч нафар фуқаро ҳалок бўлган, тўрт нафари эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган. 

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ мамлакатнинг барча фуқароларини кундалик ҳаётда газ ва газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишлари зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Газ жиҳозларининг тозалиги ва барқарор ишлаши, ошхонадаги мўрикон ва ҳаво айлантирувчи вентиляцион каналларни доимий равишда назорат қилиб бориш, газ плиталарини устини бегона нарсалар билан ёпмаслик, ёниқ газ жиҳозларини эса қаровсиз қолдирмасликни эслатиб ўтган.
 
Агар қишлоқ, маҳалла, кўча ва хонадонда газ сизиб чиқиш ҳолати ёки бошқа носозликлар аниқланса, зудлик билан 104 рақами орқали авария-диспетчерлик хизматига, шунингдек, 1104 ёки (71) 200-08-04 рақамлари орқали хабар бериш сўралган.

Top