14:57 / 25.04.2020
3087
Танқидга муносабат - Андижонда 1197 call-марказ операторлари сони икки баробарга оширилди  
Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайтида “1197 ва хайрия марказларининг бошқа телефон рақамлари нега жавоб бермаяпти? – Водий вилоятларидаги ҳолат” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Материалда Наманган, Фарғона ва Андижон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармалари ҳузурида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари call-марказларининг 1197 рақамига эҳтиёжманд оилалар боғлана олмаётгани ёритилган.

Андижон вилояти ҳокимлиги ва call-марказ мақолада кўрсатилган камчиликларни ҳал этилгани ҳақида маълумот берди 

Мақолада келтирилган ҳолатни ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан тезкор ишчи гуруҳи тузилгани айтилади.

“Ишчи гуруҳи ўрганиш жараёнида Uztelecom масъул ходимлари билан боғланилганда 1197 ва хайрия марказининг ҳар бир операторида кутиш режими 20 тадан 25 тагача кузатилаётганлиги, бунга сабаб фуқаролар мурожаат вақтида операторларни вақтларини кўп олаётганлиги сабабли ушбу ҳолат юзага келаётганлиги аниқланган.

1197 ва хайрия марказига шу кунга қадар жами 12 500 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг айни дамда бир кун давомида 600 тадан 800 тагача мурожаатлар келиб тушаётганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан операторлар сони икки баробарга оширилди ҳамда ҳомийлар учун алоҳида ягона (74 223-88-32, 91 485-97-47) телефон тармоғи ўрнатилди.

Аввал эълон қилинган рақамлар масъулларнинг рақамлари бўлиб, улар маҳсулотларни тақсимлаш ва тарқатиш жараёни билан банд бўлганлиги сабабли телефон мурожаатларига жавоб бера олмаган. Бартараф этилган камчиликлардан сўнг 1197 ва хайрия маркази кунига 1500 га яқин фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш қамровига эга бўлади.

1197 рақамига жавоб берувчи операторлар иш олиб бораётган call-марказ ва хайрия марказини фаолиятини Facebook’даги саҳифа орқали кун давомида 1 соат жонли эфирда кузатиш мумкин бўлади”, дейилади маълумотда.

 

Top