21:42 / 27.07.2020
27916
«Вирус ташқи муҳитда ўлишига қўйиб бермаяпмиз» - Отабеков вирус асосан ёпиқ бино ва иншоотларда юқаётгани ҳақида гапирди

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков иссиқ ва қуруқ ҳаво вирусни ўлдириши айтилган бўлса-да, нега унинг тарқалиши ҳамон давом этаётганига оид саволга жавоб берди.

«Коронавирус ҳақида биз ҳали билмаган ва илмий асосланмаган жиҳатлар жуда кўп, шунинг учун унинг ёз фаслида йўқолиб кетиши ҳақидаги тахминлар айтилган эди. У ўзининг кўп қирраларини намоён қиляпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳали-ҳамон бу борада бир тўхтамга келолмаяпти. Лекин биз тиббиёт ходимлари аниқ биламиз, ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлса, вирус ўлади. Айнан коронавирус қўзғатувчиси ҳам бу иссиқ ҳавода ўлади», деди Отабеков 27 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда.

У одамлар вируснинг ташқи муҳитда ўлишига имкон бермаётганини ҳамон вирус тарқалиши давом этаётганига сабаб сифатида келтирди.

«Ўзимизнинг эътиборсизлигимиз сабабли уни қўлма-қўл қилиб бир-биримизга юқтириб юрибмиз. Ҳозир вируслар асосан ёпиқ бино ва иншоотларда юқяпти.

Демак, биз айбни иқлимдан ёки вирусдан эмас, ўзимизнинг масъулиятимиздан, хатти-ҳаракатимиздан, карантин ва чеклов тадбирларига нечоғлик риоя этаётганимиздан қидиришимиз керак», – деди у.

Маълумот учун, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан мамлакатда жорий этилган карантин чекловлари жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди.

Унга кўра, фуқароларга:

  • тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик;
  • жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;
  • ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва бошқа касалликлар мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилган.
Мавзу
COVID-19: Фойдали маълумотлар
COVID-19 профилактикаси, симптомлари, даво чоралари ва мутахассислар тавсиялари
Барчаси
Top