19:28 / 09.09.2020
52222
«UzAuto Motors» пули тўланган заҳоти олиб кетиш мумкин бўлган автомобиллар рўйхатини эълон қилди

 Дилерлик корхоналаридаги мавжуд автомобиллар сони иш куни давомида амалда сотилган автомобиллар сонига қараб ўзгариши мумкин.

 «UzAuto Motors» компанияси барча дилерлик тармоқларида шу заҳотиёқ контракт тузиш ва тақдим этишга тайёр автомобиллар сотувда мавжудлигини маълум қилди.

 Компания сайтида берилган хабарда айтилишича, Spark AT, Nexia AT, Tracker MT/AT, Trailblazer ва Malibu Turbo 2.0 русумидаги автомобилларни харид қилиниши билан олиб кетиш мумкин.

 “Харидорлар учун маълумот: дилерлик корхоналаридаги мавжуд автомобиллар сони иш куни давомида амалда сотилган автомобиллар сонига қараб ўзгариши мумкин”, дейилади компания хабарида.

 Эслатиб ўтамиз, 19 август куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси томонидан «UzAuto Motors» АЖга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилганди.​

 Унга асосан, «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархини шакллантиришда товар нархига хом ашё ва материалларга, ёқилғи-энергетика ресурсларига ва ҳақиқатда амалга оширилмаган харажатларни, амалда юз бермаган меҳнат харажатларини ва бошқа харажатлар ёки бажарилмаган ишларни киритиш орқали монопол юқори нарх қўллаётгани аниқланган. Эндиликда компания автомобиль нархларини тушириб, энг яқин ўтган вақтда сотилган машиналар учун компенсация тўлаб беришга мажбур бўлганди.

Компания эса «автомобиллар нархи асосли ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсиз»лигини билдириб, баҳсли масалаларни асослаш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқалиги туфайли иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилишини сўраб илтимоснома йўллаган. ​

Top