03:34 / 15.10.2020
23770
«NYT»: Томск аэропортида Навальнийнинг чойига «Новичок» қўшишган
Фото: Reuters

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Томск аэропортида Москвага қайтиш олдидан заҳарланган. Бу ҳақда Германия ҳарбий тизимидаги юқори мансабли манбасига асосланиб «The New York Times» ёзмоқда.

Манбада ёзилишича, Навальний Томск аэропортида ичган чойига кукун кўринишидаги «Новичок» оғуси қўшилган. Ўша куни Навальний чиндан аэропортда чой буюртма қилган. Аввалроқ Навальний тўхтаган меҳмонхонада топилган шишада ҳам «Новичок» бўлгани аниқланганди. «NYT» Навальний аэропортда заҳарланган бўлса, шишада «Новичок» қандай тушиб қолгани очиқлигича қолганини маълум қилган: «Балки икки марта заҳарлашгандир», деб ёзган нашр.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш сиёсатчи аэропортда фақат чой ичгани ва унга нимадир қўшган бўлишлари мумкинлигини айтганди. Кейинчалик Навальнийнинг ўзи Юрий Дудга берган интервьюсида уни меҳмонхонада заҳарлашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Алексей Навальний айнан «Новичок» билан заҳарланганини аввалига «Шарите» клиникасида маълум қилишганди. Кейинчалик бу маълумотни бир-биридан мустақил тарзда анализ ўтказган Франция ва Швециядаги лабораториялар, шунингдек, Кимёвий қуролга қарши халқаро ташкилот ҳам тасдиқлади.

Европа Иттифоқи Алексей Навальний заҳарлангани сабаб Россияга нисбатан санкция жорий этилишини маълум қилган. NYT'нинг аниқлашича, «қора рўйхат»га олти нафар мансабдор, шунингдек, Россия давлат кимё ва технология илмий-текшириш институти тушади. Айнан шу марказда собиқ иттифоқ вақтида асабни фалажлантирувчи «Новичок» кимёвий қуроли ишлаб чиқилган. Ҳозир Россияда расман «Новичок» ишлаб чиқарилмайди ва 2017 йилда унинг барча захиралари йўқ қилингани айтилади.

Россиялик мухолифатчи, Коррупцияга қарши кураш фонд раҳбари Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётганда ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган Навальний 22 август куни Германиядаги «Шарите» клиникасига олиб кетилгач, 7 сентябргача кома ҳолатида бўлди. Кейинчалик оёққа турган Навальний ўзининг заҳарланиши шахсан Владимир Путиннинг топшириғи билан амалга оширилганини айтган.

Тикланиш жараёнини ўтказаётган Навальний ҳамон Берлинда қолмоқда. Олдинроқ унинг даволаниши 50 минг еврога тушгани ва бу пулларни ким тўлаб бергани маълум бўлганди.

Top