22:37 / 19.12.2020
6092
«Кўп масала шу орқали ҳал бўлмоқда» - Наманган вилояти ҳокими ижтимоий тармоқда муаммоларни ўрганиши ҳақида гапирди

Тўрақўрғон маданият саройида журналист ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ижтимоий тармоқларда фаол бўлишни ёқлади.

«PR ўзини кўрсатиш эмас. Мен пиар қилганим йўқ, халққа яқин бўлиш учун ҳаракат қиляпман. Аслида PR сўзининг ҳам «жамоатчилик билан алоқалар» маъносини билдиришини барчамиз биламиз. Ахборот хизматига вазифа қўйганман, ҳар бир чиққан постга расмий муносабат билдирилади, тегишли ташкилотга бориб, назорат қилинади. Шунинг учун ҳам кўпроқ материал қўйишга ҳаракат қиламиз, бу орқали ўша материалга аҳолининг ижобий ёки салбий муносабатини билиш учун. Бу борада мана журналист ва блогерлар катта ёрдам беряпти», деган Шавкат Абдураззоқов.

У ижтимоий тармоқларда ёритилаётган ҳар бир маълумотни кузатиб боришини, айниқса вилоятга доир ахборотларни ва ундаги изоҳларни бирма-бир ўқиб боришини таъкидлади. У ўзи мурожаатлар акс этган постларни скриншот қилиб, тегишли мутасаддиларга скриншотни юбориб, масалани ҳал қилиш топшириғини беришини айтиб ўтди. 

«Кўпчилик билмайди, шу орқали ҳам кўп масалалар ечимга келтириляпти», дейди ҳоким.

Маълумот учун, ҳокимнинг ҳудудлардаги ўрганишлари фейсбук тармоғида доимий равишда тўғридан тўғри эфирга узатилади.

Аввалроқ президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг давлат органлари фаолиятини ёритишда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини муҳокамага тақдим этганди. Унга кўра Ўзбекистон давлат идоралари ОАВ билан фаол ҳамкорлик қилиш ва ижтимоий тармоқлардан саҳифа очиш мажбуриятини олади.

Top