21:08 / 11.01.2021
3605
Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ноқонуний рекламаларга нисбатан чора кўрилмоқда

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламалар юзасидан олиб борилган ўрганишларда, 2020 йилда жами 573 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шундан 317 таси дори-дармон ва биологик фаол қўшимча маҳсулотлари товар ҳамда хизматлар рекламасининг жойлаштирилгани билан боғлиқ.

Фото: adaderana.lk

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқармаси бошлиғи Фарруҳ Мадаминов АОКАда ўтказилган брифингда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламалар юзасидан олиб борилган ўрганишлар тўғрисида маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Агентлик расмийси ўз сўзида бир неча дори-дармон воситаларининг ноқонуний рекламаларини мисол қилиб келтирган.

 «Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламалар юзасидан олиб борилган ўрганишларда жами 573 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 317 та дори-дармон ва биологик фаол қўшимча (БАД) маҳсулотлари товар ва хизматлар рекламасини жойлаштиргани маълум бўлган.

 Мисол учун, «Novitam life» биологик фаол қўшимчаси – коронавирусни даволаш ва унинг олдини олишдаги самарали восита» мазмунидаги реклама жойлаштирилган бўлиб, мазкур дори даволаш хусусиятига эга эканлиги сингдирилмоқда. Ваҳоланки, бундай касалликларга фақатгина шифокор кўриги ва тегишли таҳлиллар ёрдамида дори воситалари билан қарши курашиш мумкин. Шу сабабли «Novitam life» биологик фаол қўшимчаси рекламаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда жойлаштирилган. Ва ушбу рекламани олиб ташлаш юзасидан тезкор таъсир чоралари кўрилди.

 Ҳудди шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Тисовир» кенг таъсир доирадаги вирусга қарши препарат! У барча РНК типидаги вирусларни, шу жумладан, янги коронавирус инфекцияси қўзғатувчисини (COVID-19) бартараф этади. «Тисовир» Ўзбекистон Республикаси ва бошқа етакчи давлатларнинг COVID-19 га қарши даволаш стандартларида мавжуд» мазмунида реклама ахборотлари жойлаштирилганлиги аниқланди», – деди у.

 Таъкидланишича, мазкур оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик учун реклама қилиш мумкин бўлмаган, яъни шифокор рецепти асосида бериладиган ва таъсири илмий исботланмаган дори воситасининг рекламасини бартараф этиш юзасидан тезкор таъсир чоралари кўрилган.

Маълумот учун, интернетда канал очиб реклама жойлаштириш орқали пул топадиган ёки тижорий фаолиятга яқин бўлмаган усуллар билан даромад олиш орқали ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг қонуний ишлаши учун имконият яратилган.

Top