16:59 / 14.01.2021
23977
Давлат раҳбарлари орасида кимнинг Telegram-канали энг кўп обуначига эга?

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий Telegram-каналидаги обуначилар сони 193 минг нафар бўлиб, канал бу борада учинчи ўринни эгаллаб турибди.

 Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров оддий фойдаланувчилар қаторида дунё сиёсатчилари ҳам мессенжердан фойдалана бошлашганини маълум қилди. Унинг ёзишича, жорий ҳафтада Бразилия ва Туркия президентлари Telegram’да ўз каналларини очишган.

Дуров ушбу каналлар расмийлигини тасдиқловчи кўк белгиларга эгалигини таъкидлади.

 Унинг қўшимча қилишича, Telegram бошқа ижтимоий тармоқлардан фарқли ўлароқ, шаффоф бўлмаган алгоритмлардан фойдаланмайди. Шу тарзда, Telegram-каналлар давлат раҳбарларининг ўз аудиторияси билан бевосита мулоқот қилиш учун ягона восита бўлади.

 Maps&Data каналининг маълумотига кўра, энг кўп обуначиси бўлган Telegram-каналига эга давлат раҳбари Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳисобланади. Унинг каналидаги обуначилар сони 263 минг нафарни ташкил этади. Ундан кейинги ўринда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг канали бўлиб, обуначилар сони 234 минг нафар. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий Telegram-каналидаги обуначилар сони 193 минг нафар бўлиб, канал бу борада учинчи ўринни эгаллаб турибди.

 Давлат раҳбарларининг тасдиқланган Telegram-каналлари:

 1. @jairbolsonarobrasil – Бразилия президенти, 263 минг обуначи

2. @RTErdogan – Туркия президенти, 234 минг обуначи

3. @shmirziyoyev – Ўзбекистон президенти, 193 минг обуначи

4. @PresidenteAMLO – Мексика президенти, 106 минг обуначи

5. @iingtw – Тайван президенти, 50 минг обуначи

6. @V_Zelenskiy_official – Украина президенти, 49 минг обуначи

7. @bnetanyahu – Исроил бош вазири, 29 минг обуначи

8. @leehsienloong – Сингапур бош вазири, 17 минг обуначи

9. @emmanuelmacron – Франция президенти, 9 минг обуначи

Аввалроқ Дуров Telegram мессенжерида фаол фойдаланувчилар сони 500 миллион нафардан ошганини маълум қилганди.

 Эслатиб ўтамиз, WhatsApp фойдаланувчиларнинг маълумотларини ўзи тегишли бўлган Facebook компаниясига бера бошлагани ҳақида маълум қилгач, Telegram фойдаланувчилари сони одатдагидан тезроқ кўпая бошлади.

Top