21:36 / 15.01.2021
3318
Афғонистон ва Ироқда АҚШнинг 2,5 минг нафардан ҳарбий хизматчиси қолди

АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллернинг эслатишича, Пентагон 2021 йил май ойига келиб Афғонистондаги ҳарбийларини тўлиқ олиб чиқиб кетишни режалаштирган. 

Фото: Getty Images

АҚШ Афғонистон ва Ироқда 2,5 минг нафардан ҳарбий хизматчисини қолдирди, деб маълум қилди АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги ҳозирги ҳарбий хизматчилар террорчиларга қарши операциялар ўтказиш ва мамлакат хавфсизлик хизматини шуғуллантириш учун етарлидир.

 Миллер ҳарбийлар сонининг қисқартирилиши АҚШнинг "Толибон" ҳаракати билан келишуви доирасида амалга ошаётгани ва Пентагон 2021 йил май ойига келиб Афғонистондаги ҳарбийларини тўлиқ олиб чиқиб кетишни режалаштирганини эслатди.

Унинг қайд этишича, Ироқдаги Америка қўшинларининг қисқартирилиши бу мамлакат хавфсизлик кучларининг имкониятлари ошганини билдиради.  

 Миллер шу билан бирга, АҚШ ва халқаро коалиция кучлари ИШИД устидан ғалабани мустаҳкамлаш учун Ироқда қолишини таъкидлади.

У АҚШ Ироқ хавфсизлик кучларига терроризмга қарши курашда ёрдам беришда давом этишини айтди. Миллернинг қўшимча қилишича, Ироқдаги аксарият операцияларни мамлакат хавфсизлик кучларининг ўзи ўтказмоқда.

Top