20:55 / 22.01.2021
2698
Ўзбекистон номзоди Бутунжаҳон туризм ташкилоти Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилди

Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) Ижроия кенгашининг 113-сессиясида иштирок этди.  

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси раҳбари – бош вазир ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов икки масалани илгари сурди.

Биринчиси - 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон номзодини БТТ Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилгани, шунингдек республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яқин келажакдаги режалар.

Ташкилот Ижроия кенгашига аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг глобал миқёсда туризм соҳасида олиб борилаётган сиёсатда бевосита иштирок этиши ҳамда унда республика манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилади.

Иккинчиси - 2023 йилда БТТ Бош Ассамблеяси 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш.

Ушбу таклиф қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон биринчи маротаба БМТ таркибидаги ташкилотларнинг илк Бош ассамблеясигa мезбонлик қилади.

“Бош Ассамблеяга мезбонлик қилиш жаҳон туризм индустриясининг етакчи вакиллари, ишбилармонлар ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, 158 та аъзо давлатнинг 2 мингдан ортиқ делегация вакиллари ташрифини ташкил этиш орқали туризм соҳасидан тушадиган даромадни ошириш имконини беради”, - дея ташаббусга изоҳ берди Азиз Абдуҳакимов.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида қирол Филипп VI қабулида бўлиб, у билан юзма-юз мулоқот қилди.

 Хабарда айтилишича, Испания қироли пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориш истаги борлигини билдирди.

Top