17:14 / 25.01.2021
6872
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида МДҲ улуши кетма-кет 3 йилда камайиб боряпти

2020 йилнинг январ-декабр ойлари Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари улуши 32,6 фоизни, Евросиё иқтисодий иттифоқи(ЕОИИ) давлатларининг улуши 27,1 фоизни ташкил қилган.

Фото: e-cis.info

Давлат статистика қўмитаси ахборотига кўра, 2020 йилнинг январ-декабр ойларида мамлакат ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 32,6 фоизни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан улуши 2 фоизга камайган.

Мос равишда 2018 йилда республика ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатлари улуши 36,3 фоизни, 2019 йилда 34,6 фоизни ташкил қилган. Охирги йилларда МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмасининг пасайиши давом этмоқда.

Ўтган йил давомида МДҲ давлатлари билан умумий савдо айланмаси 11,83 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиб, шундан экспорт – 4,09 миллиард АҚШ доллар, импорт ҳажми эса – 7,73 миллиард АҚШ доллар қайд этилган. Пассив ташқи савдо айланмаси – 3,64 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмасининг энг юқори ҳажмлари Россия (47,7 фоиз),  Қозоғистон (25,5 фоиз),  Қирғизистон (7,6 фоиз), Туркманистон (4,5 фоиз) ва Тожикистон (4,2 фоиз) давлатлари билан қайд этилган.

Ўз навбатида Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 9,82 миллиард АҚШ доллар (жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 27,1 фоиз), шундан экспорт ҳажми 3,17 миллиард АҚШ доллар (жами экспортдаги улуши 21 фоиз), импорт ҳажми 6,65 миллиард АҚШ доллар (жами импортдаги улуши 31,4 фоиз) эканлиги қайд этилган. Пассив ташқи савдо айланмаси 3,48 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Маълумот учун, 2020 йил 11 декабрда Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган.

Аввалроқ, 2020 йил якунлари бўйича республиканинг ташқи савдо айланмаси 36,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 миллиард АҚШ долларига ёки 13,1 фоизга камайганлиги маълум қилинганди.

Top