15:30 / 26.01.2021
8431
Олимлар коронавирусга қарши ремдесивирдан қарийб 30 баравар кучлироқ дорини топишди

Қайд этилишича, плитидепсин бошқа дорилардан фарқли равишда вирус оқсилларига эмас, балки вирус кўпайиш учун фойдаланадиган ҳужайралар оқсилларига таъсир кўрсатади.

Фото: Chip Somodevilla / Getty Images

Саратон касаллигига қарши дори сифатида ўрганилаётган плитидепсин айрим мамлакатларда коронавирусга қарши қўлланилаётган ремдесивир препаратига нисбатан 27,5 марта самаралироқ эканлиги аниқланди. Бу ҳақда олимларнинг Science журналида чоп этилган тадқиқотлари натижаларида айтилмоқда.

 «Аплидин» савдо белгиси билан танилган плитидепсин 2000 йилларда чекланган тарзда тарқалган. У асцидий деб номланувчи денгиз жониворидан олинган модда асосида тайёрланади. Ушбу дори воситасига бўлган ҳуқуқ Испаниянинг PharmaMar компаниясига тегишли.

 Мазкур дори воситаси 2004 йилда Европа дори воситалари агентлиги томонидан саратонни даволашда ёрдам берувчи препарат сифатида рўйхатга олинган.  

 2020 йилда АҚШ, Буюк Британия ва Испанияда плитидепсиннинг бошқа дорилар билан биргаликдаги вирусга қарши хусусиятлари ўрганилди. Бир нечта олимлар гуруҳи у коронавирусни даволашда самара беради деган хулосага келди. Британиялик олимлар хулосасига кўра, плитидепсин инсон ҳужайраларидаги коронавирус фаоллигини пасайтиришда ремдесивирга нисбатан 27,5 баравар кўпроқ таъсир кўрсатади.

 San Francisco Chronicle нашрининг ёзишича, плитидепсин бошқа дорилардан фарқли равишда вирус оқсилларига эмас, балки вирус кўпайиш учун фойдаланадиган ҳужайралар оқсилларига таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар маймун ва сичқонларда, Испанияда эса одамларда ҳам ўтказилган.

Ремдесивир айрим мамлакатларда коронавирусга қарши фойдаланиш учун тавсия этилган. Аммо ЖССТ унинг ножўя таъсирлари ва касалликка таъсири исботланмаганлиги сабабли ушбу доридан фойдаланишни тавсия қилмаган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top