Фирибгарлик қурбони бўлган aфғонистонлик Исмоил Сафонинг сўзларига кўра, нотариус Шуҳрат Исроилов – Афғонистон фуқароси Аймал Барекзай (Исмоил Сафонинг жияни) ва Ўзбекистон фуқароси Фахриддин Хушвақтов ўртасида улар истаганидек ижара шартномаси эмас, балки қарз шартномаси расмийлаштириб берган; бу жараёнда шартноманинг моҳияти ва юридик оқибатлари ўзи ва жиянига етарлича тушунтирилмаган; нотариал ҳаракатлар давомида жалб қилинган таржимон шартнома мазмунини уларга етарлича таржима қилиб бера олмаган.
Исмоил Сафо шу ва бошқа даъволари ҳақида Kun.uz'га берган интервьюсида батафсил тўхталган эди.
Айни пайтда, нотариус Шуҳрат Исроилов қарз шартномасини расмийлаштириш жараёнида амалдаги қонунчиликка тўлиқ риоя этгани, томонларга шартноманинг мазмуни ва юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларни тушунтирганини айтмоқда.

«Фахриддин Хушвақтов олдимга оддий мижоз бўлиб келган. Лекин бу одам олдин ҳам келиб, машина олди-сотдисини нотариал тартибда расмийлаштирган эди. Умуман, нотариал идорамизда 5–6 та нотариал ҳаракатни амалга оширган, буни базадан қараб кўрганимда билдим, шундан иккитасини мен билан бирга амалга оширган.
Қарз шартномаси рус тилида бўлганининг сабаби – иккинчи тараф мендан ҳужжатнинг рус тилида расмийлаштирилишини сўраган эди. Афғонистонликлар билан суҳбатлашиш жараёнида Исмоил Сафонинг ўзбек ва рус тилларини тушунишига аниқлик киритдим, бу борада менда ҳеч қандай шубҳа туғилмади.
Шартномани «распечатка» қилиб бердим, ҳужжат моҳиятини иккинчи тарафга тушунтириб бериш учун лицензияси бор таржимонни чақирдик. Исмоил Сафодан ким қарз беришини сўрадим. У пулни жияним Аймал беради деб жавоб берди.
Томонларга битимнинг мазмунини тушунтирганман. Исмоил Сафо Kun.uz'га берган интервьюсида айтгандай, мен: «Ижара шартномасини тузиш кўп вақт олади, ундан кўра қарз шартномаси расмийлаштирганимиз осон», деб айтмаганман.
Олдимга келишганда улардан мақсадларини сўраганман. Афғонистонликлар маълум муддатга қарзга пул беришаётганини айтишган. Асл мақсадларини мен кейин тергов жараёнида билдим. Агар менга меҳмонхонани ижарага олишаётганларини айтишганида, ижара шартномаси қилиб берган бўлардим.
Тарафларга тузилаётган шартноманинг моҳияти, унинг ҳуқуқий оқибатлари тушунарли тилда тушунтирилган. Қарзни қайтариб бериш тартиби, қайтармаган тақдирда қайси тартибда ижро иши чиқаришимизни – ҳаммасини тушунтирганман.
Шартнома лойиҳасини принтердан чиқариб, тарафларнинг қўлларига берганман. Томонлар ўтириб, анча вақт суҳбатлашишган. Ҳамма рози-ризо бўлиб, бир тўхтамга келгандан кейин уларга инвойс чиқариб берганман. Ўша инвойс бўйича қарз олувчи томонидан квитанция тўланган, унинг телефонига смс келган, бармоқ излари билан ҳаммаси «регистрация» қилинган.
Мен афғонистонликлардан 80 минг долларни нима учун беришаётганини сўрадим. Улар: «Ўзимизнинг шахсий пулимизни бунга бериб, бизнес бошламоқчимиз», деб айтишган. Қўлимдаги жараённинг 14 секундлик видеоси бор, унда «I give a debt» («Мен қарз беряпман») дейишган.
Тергов органлари таржимонни ҳам тергов қилишди, ҳужжат матнини ҳам экспертиза қилишди.
Нотариал ҳаракатлар жараёнини тасвирга олиш мажбуриятимиз йўқ. Лекин мени низоли ҳолатларда қутқариб келгани учун видеога олиб келганман», – дейди Яккасарой туманидаги 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Шуҳрат Исроилов.
Адлия вазирлиги масъул ходими Ёқутхон Шеранова вазирлик ўтказган ўрганиш давомида нотариуснинг ҳаракатларида қонунбузилиш аломатлари аниқланмаганини маълум қилди.
«Ижтимоий тармоқларда мазкур масала аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўлиши биланоқ Адлия вазирлиги томонидан нотариус чақиртирилиб, ундан тушунтириш хати олинган. Шу билан бирга, нотариал идорада сақланаётган ҳужжатлар йиғма жилди текширилиб, ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра нотариус томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмади», – дея таъкидлайди Ёқутхон Шеранова.
Афғонистон фуқароси Аймал Барекзай Kun.uz'га берган интервьюсида воқеани мутлақо бошқача тасвирламоқда.
Унинг айтишича, нотариус жараённи телефонида тасвирга туширишига йўл қўймаган. Бу ҳаракатини у хонадаги ва ноутбукидаги камера жараённи тўлиқ ёзиб олаётгани, қолаверса, ўзи телефонда съёмка қилаётгани билан изоҳлаган. Аммо терговга бу видеоёзувларнинг фақатгина 14 секундлик бўлаги, гўёки нотариуснинг тўғри ҳаракат қилганини тасдиқлайдиган қисмигина тақдим этилган.
«Тўлиқ видеодаги ёзувлар нотариуснинг зарарига ишлагани учун ҳам улар қасддан йўқ қилинган бўлиши мумкин», – дейди Афғонистон фуқароси.
«Биз икки йилга ижара шартномасини имзолаш учун нотариусга бордик. Улар билан учрашув ташкил қилишдан мақсад – «De Reon» меҳмонхонаси учун ижара шартномаси имзолашдан иборат эди, қарз шартномаси эмас.
Ичкарида қандайдир муҳокамалар бўлди. Мен тайёрланган ҳужжатлар мазмунини билмасдим. Шунинг учун таржимон чақиришларини сўрадим, лекин нотариус айни дамда таржимон йўқлигини, кутадиган бўлсак 6–7 кун йўқотишимиз мумкинлигини, ҳужжатларни ўзгартира олмаслигини айтди. Мен эса: «Яхши, ундай бўлса, 3–4 кундан кейин келаверамиз, муаммо йўқ», дедим.
Шунда у тўсатдан кимнидир чақирди ва бир аёл кириб келди. У менга таржимон эканини, ҳужжатларни таржима қилиши мумкинлигини айтди, лекин унга қадар ҳужжатлар тайёрлаб бўлинган эди. Ҳамма-ҳамма нарса тайёр эди.
Таржимон аёл бу икки йиллик шартнома эканини айтди. Мен: «Ҳа, бу тўғри, муаммо йўқ», дедим. Кейин эса у ҳужжатнинг қарз шартномаси экани ҳақида гапирди. Мен ажабланиб: «Қанақа қарз шартномаси? Мен қарз шартномаси эмас, ижара шартномаси имзоламоқчиман», дедим.
Таржимон нотариус билан бир нималарни гаплашди. Сўнгра менга: «Ҳа, ҳа, бу икки йил учун олдиндан тўлов экан, ойма-ой ҳисобда икки йилда батамом узилар экан», деди.
Мен: «Келишувга кўра шундай, ҳаммаси жойида у ҳолда», дедим. Мен ижара шартномаси деб тушунганим учун шундай деб айтдим, қарз шартномаси деб эмас. Таржимон аёл ҳам менга бу қарз шартномаси демади. У буни олдиндан тўлов деб айтди ва 2 йилда батамом узилишини таъкидлади. Мен эса ҳамма нарса қонуний бўлса, 2 йилдан сўнг уй-меҳмонхона ижараси учун тўловларим шу билан битса, муаммо йўқ дедим.
Жараённи тасвирга тушириб олмоқчи бўлдим ва телефонимни очдим. Шунда нотариус: «Бу ерда учта камера ишлаб турибди, бири ана у ерда, бири телефонимда, шундай экан, тасвирга олишингизга ҳожат йўқ», деди.
Мен: «Камераларингиз бўлса, жараённи ёзиб олаётган бўлсангиз яхши, мен ёзиб ўтирмайман», дедим. Мен уларни бутун жараённи тасвирга туширади, деб кутгандим, лекин бундай бўлиб чиқмади. Улар барини ёзиб олиб тақдим этмасликларини билмасдим.
Учрашув узоғи билан бир соат давом этди. Улар нима сабабдан 14 сониялик видеонигина тақдим этишди, буниси менга қоронғу. Aгар исташганида, тўлиқ видеони ҳам тақдим этишлари мумкин эди, менимча.
Чунки уларда шу 14 сониялик видео бўлса, демак жараённинг қолган қисми ҳам тасвирга олинган бўлиши керак. Лекин агар улар видеони тўлиғича берса, унда ҳаммаси ойдинлашиб қолади, уларга ҳам гумон тушади. Шунинг учун фақат 14 сониялик қисминигина тақдим этишган. Видеони тўлиғича кўрган одам у ерда алдов, коррупция борлигини дарҳол сезади.
Шуҳрат менга давлат тўловлари ҳам борлигини ва у 900 долларни ташкил этишини айтиб, уни беришимни сўради. Мен эса агар бу қонуний бўлса, чекни кўрсатишини, тўловни давлат идорасига қилишимни, унга тўғридан тўғри беролмаслигимни айтдим.
Бундан ташқари, ҳужжат икки томон ўртасида имзоланаётганини, шундай экан, тўловнинг ярмини Фахриддин бериши кераклигини таъкидладим. Нотариус эса: «Яхши 450 долларни сен бер, қолган 450ни эса сен бер», деди. Мен: «Муаммо йўқ, чекни кўрсат, тўлайман», дедим. Нотариус: «Менга беравер, эртага ўзим тўлаб қўяман», деди. Мен бу қонунийми деб сўраб, унинг нотариус эканини инобатга олиб, давлатга тўловни ўзи қилаверади деган хаёлга бордим ва 450 доллар санаб Фахриддинга узатдим. Фахриддин: «Қолган ярмини мен қўшиб, нотариусга бераман», деди. Шундан сўнг жараён тугаб, ҳужжат имзоланди.
Кейин эса улар иккиси алоҳида хонага кириб кетишди. У ерда нима қилишди, нима ҳақида гаплашишди, билмайман. Қайтиб чиқишганида: «Давлатга тўловни қачон қиласан», деб сўрадим. У эртага деб жавоб берди. Мен ҳам «яхши, тамом», дедим.
Шуни айтишим керакки, ҳужжатлар олдиндан пухталик билан тайёрланган экан, коррупция схемаси ҳам яхши ишлаб чиқилган. Нотариусга боришимиздан олдин улар барини тахт қилиб қўйишган. Номни ўзгартириш масаласи ўртага чиққанда улар бир зумда, 5–6 дақиқа ичида барча ҳужжатларни ўзгартиришди. Мен ҳам ҳеч нарсага тушунмай, «қойил, тез ишлашаркан», деб қўяверибман», – дейди Аймал Барекзай.
Ажабланарли жиҳати, нотариуснинг ҳаракатлари қонунийлиги юзасидан ўтказилган ўрганишда Адлия вазирлиги масъуллари қарши тарафни ҳатто эшитиб ҳам кўрмаган. Ҳужжатлар ва нотариуснинг сўзларига асосланиб хулоса чиқарилган.
Нотариуснинг хатти-ҳаракатларидан шикоят қилаётган тарафнинг иддаоларини текшириб кўриш, бу ҳақиқат бўлиб чиқиши мумкинлиги негадир масъулларнинг хаёлига келмаган кўринади.

Ёқутхон Шеранова мазкур ҳолат юзасидан изоҳ бераркан, Адлия вазирлиги жиноят-қидирув, тергов органи эмаслиги, қолаверса, афғонистонликлар вазирликка нотариуснинг ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилмагани учун Исмоил Сафо ва Аймал Барекзайнинг даъволари ўрганилмагани, вазирликда бундай ваколат йўқлигини маълум қилди. «Қачонки, улар бизга расман мурожаат қилишса, шунга асосан улар билан гаплашиб кўришимиз мумкин. Уларни чақириб эшитишимиз учун бизда уларнинг телефон рақами бўлмаса, манзили бўлмаса, қандай чақира оламиз?!», дейди у.
Эътиборлиси, айнан Kun.uz эълон қилган мақоладан сўнг, Яккасарой тумани ИИБ ходими Акмал Атахановнинг фаолияти юзасидан қайта хизмат суриштируви ўтказилиб, унинг натижасига кўра «паспорт стол» ходими ишдан олинган эди.
Ҳолбуки, Атаханов ҳам бунгача бир эмас, бир нечта хизмат суриштирувларини бошдан ўтказган ва ҳар сафар «унинг ҳаракатларида ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган» эди. Бироқ мазкур иш Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назарига тушгандан кейингина у ишдан олинди, эндиликда Фахриддин Хушвақтов билан биргаликда Исмоил Сафо билан олди-бердига аралашган ёки аралашмагани юзасидан терговга ҳам жалб этилади.
Нотариуснинг ҳаракатлари юзасидан ҳам қайта хизмат суриштируви ўтказилиши ҳамда бу жараёнда қарши томон – Аймал Барекзайнинг кўрсатмалари ҳам инобатга олиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Бундан ташқари, Афғонистон фуқароси таъкидлагандай, нотариус томонидан ҳужжатларни имзолаш жараёни бир соатдан ортиқ вақт давомида тасвирга олинган бўлса-да, терговга нима учун ушбу тасвирларнинг 14 секундлик қисмигина тақдим этилганига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, деган умиддамиз.
Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.


