17:44 / 17.02.2021
21098
Ботир Эргашев Комил Алламжоновни шоирларни эмас, тиктокерлар ва «дон-дон-зики»чиларни танқид қилишга чақирди

Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ғазалхонлик қилиб ўтириш ўрнига, илм-фанга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб чиққанди. Унинг бу фикрлари ижтимоий тармоқларда баҳсларни келтириб чиқарди.

Алламжонов нима деди?

«Ўзбекистонда зудлик билан илм, билимдонлар, олимлар, тадқиқотлар, тажрибалар, лабораториялар, ўрганишлар, янгиликлар, кашфиётлар трендга чиқиши керак.

Чунки бугун шундоқ ҳам кеч, эртага эса ундан ҳам кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Бошқа томондан, ҳечдан кўра кеч яхши.

Қуруқ гапда ўтган алломаларимиз билан керилиб, ғазалхонлиг-у баҳр-у байтлар қилиб, шеърлар тўқиб, ўзимизни юпатиб юрганимиз билан биримиз икки бўлмайди.

Тағин биз ўтмиши буюк, келажаги буюк, ўртаси куюк бўлиб қолмайлик бу кетишда, Оллоҳ асрасин. Шунга эришиш керакки, биздан олдингилар ризо, кейингилар фахрлансин», – деганди Масс-медиа фонди раиси.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботиржон Эргашев юқоридаги фикрлар учун жиддий этирозларини билдириб, видеомурожаат йўллади.

«Комил ака, сизни тадбиркорлик, журналистика соҳасидаги фаолиятингизни бир неча йилдан буён кузатиб бораман. Ташаббус ва ғояларингизни ҳам ҳурмат қиламан, уларнинг баъзиларида ҳатто иштирок этганман. Лекин иш бор жойда хато, камчилик ва нуқсонлар доим бўлади.

Бу қилаётган ишларингизни ичида хато ва нуқсонлари ҳам жуда кўп. Жумладан, бугун Kun.uz сайтида эълон қилинган фикрларингиз шоир сифатида менга жудаям оғир ботди.

Ўзбекистонда юзлаб, минглаб бўлажак Навоий, Навоий бўлолмаса ҳам, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Халима Худойбердиева каби ижодкорлар бор.

Кўряпсиз, охирги вақтларда бадиий ижодга эътибор янаям ошди. Президент ҳам яхши ижодкорларнинг тарғиботини кучайтиришга тарғиб қиляпти. «Уларни дунёга олиб чиқиш керак», деяпти. Сизни бу айтган гапларингиз эса мана шу сиёсатга бутунлай тескари.

Бир нарсани билинг, баҳр-у байт бу сиз ўйлаганчалик енгил нарса эмас. Баҳр-у байтда иштирок этиш учун ижодкор юзлаб шеърларни ёддан билиши керак. Шер ёдламаган, шеър билмаган одам, қуббайи ҳофизаси «нол» одам бу каби мушоираларда қатнашолмайди.

Шунинг учун бу нарсаларга юзаки қараманг. Киши булар ҳақида гапириш учун аввало шеърият ва ғазалхонлик нима эканини билиши керак.

Шеър ёзиш ўйинчоқ нарса эмас. Тадбиркорлик фаолиятингингизда қандай оғир машаққатлар бўлса, шеъриятда бу машаққатлар ортиқки, асло кам эмас.

Сиз баҳр-у байт ўрнига ўзини томдан ташлаб жонли эфир қилаётган, ўзини поезд тагига ташлаётган тиктокерларни камайтириб, йўқотиб, илмни трендга чиқарайлик, билимдонларни кўпайтирайлик деганингизда фикрингизга қўшилардим.

Tashkent cityда 7 ёшдан 70 ёшгача иштирокчилар ўртасида «дон-дон-зики» бўйича мусобақа ўтказилганда нега бир оғиз гапирмадингиз? Тиктокерларга катта-катта совғалар берилиб, тарғиб қилинганда нега индамадингиз?

Йўқ, сиз бугунги кунда ёшларимизга керак бўлган баҳр-у байтни кераксиз бир ишга чиқаряпсиз?

Бундай гапларни гапирманг. Бу сиздай бир раҳбар, расмий кишига ярашмайди», – деди шоир Ботиржон Эргашев ўз мурожатида.

Мавзу атрофидаги муҳокамаларга журналист Раҳимжон Раҳмат ҳам қўшилди. Унга кўра, ҳар қандай даврда ҳам ҳокимият адабиётга ўзи юритаётган сиёсат тарғиботчиларини тайёрлаш даражасидагина эътибор беради.

«Ўтган асрнинг 90-йилларида катта бир журналист-арбоб: «Мамлакатимизда санъатга, адабиётга, маънавиятимиз юксалишига катта эътибор бериляпти, бу нарса бизлар учун тарихий анъанадир, мана, мисол учун Хива хони ҳам санъат ва адабиётга катта эътибор қаратган, ҳатто чор аскарлари мамлакатга бостириб келаётган қалтис паллада ҳам саройдаги нафис мажлисларни тўхтатмаган, шоир, мусиқачиларни йиғиб, ғазал ва мусиқа кечалари ўтказган», деб ёзганди.

Журналист-арбобнинг юқоридаги фикрларини ўқиганимда биринчи курсда ўқирдим ва бунақа фикрни ўта янглиш эканлигини тушунгандим. Эй нодон, эй калта фикр, юртингга ёв бостириб келяпти экан, ёвга қарши чиқиш тадбирини тезлатмай, ғазал ўқишга, мусиқа мажлисини уюштиришга бало борми.

Хоннинг иштирокидаги мусиқа мажлислари, шеърхонлик йиғинлари асосан маддоҳликдан иборатлиги бор гап.

Хивани босиб олишда иштирок этган чорўрис зобитнинг эсдаликларини ўқигандим. У ёзгандики, хонлик худудига 12–15 чақирим кириб борганимизда ҳам йўлимизда ҳеч кимни кимни кўрмадик.

Шеърдан, мусиқадан узоқроқ юрганларинг маъқул. Асар ёзиш ҳам, асар ўқишга қизиқиш ҳам туғма бўлади; Худо юқтирмаган одам асар ҳам ёзмайди, Қодирий асарларини ҳам ўқимайди.

Ҳокимият адабиётга ўз сиёсатининг тарғиботчиларини тайёрлаш даражасида этибор беради, холос, бундан ортиғи керакмас.

Чўлпон: «Адабиёт яшаса, миллат яшайди», деганида ҳозирги тарғиботчи ва саёз, раҳбарлар ёнида тиржайиб турадиган адабиётни назарда тутмаган.

Мен ўзим адабиётчиман, лекин адабиёт ҳақида гапиришларини ёқтирмайман.

Илм-фанга эътибор беринглар. Адабиёт, ҳақиқий адабиёт инсон онгини яхши томонга ўзгартира олади, аммо бу каби асарларни оломон ўқимайди.

Яна такрорлайман. Сиёсат ўз тарғиботчиларини яратиш учунгина адабиёт аҳлига этибор беради, холос, чин адабиёт сиёсатга керакмас. Илм-фанга эътибор беринглар», – деб ёзди Раҳимжон Раҳмат ўз Facebook саҳифасида.

Комил Алламжоновнинг фикрларига қарши фикр айтган фақат Ботиржон Эргашев эмас. Блогер Шаҳноза Соатованинг ҳисоблашича, илм ва адабиётни бир-бирига тескари қўйиш – мантиқсизлик.

«Комил Алламжоновга кўра, ғазалхонлик, шеър, адабиёт илм эмас, ўзни юпатиш воситаси экан.

Ғазал ўқиб, баҳр-у байт қилмай, илмни трендга олиб чиқиш керак деяптилар.

Майли-ю, илмни адабиётга зид қўйиш ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган гап. Худдики сериал олишяпти, ундан кўра мактаб қуринг деган мантиқсиз гап каби. Аввало, адабиёт, айниқса, мумтоз адабиёт – катта илм. Шу илм бўлмаганида, ҳозир умуман ўзбек тили ва миллати қолмасди балки. Қолаверса, бир йўлда кетаётган поезд вагонлари бир-бирига зид ҳаракатлана олмайди, шунчаки, айрим вагонларнинг ғилдираги бузилиб, таркибдан узилиб қолиши мумкин. Ривожланиш учун илм ҳам, миллатнинг қаддини кўтарадиган тарихий-бадиий сериал ҳам, мактаб ҳам, шеър-у ғазал ҳам – ҳаммаси керак.

Икки буюк адибнинг таваллуди бир ҳафтага тўғри келса, ғазалхонлик кўп бўлиши табиий. Бошқа пайтлар шу ҳам йўқ ўзи. Бунақа яхши ўйланмаган гапларни айтиш ярашмабди сизга, Комил Исмоилович.

Адабиётни тинч қўйинг-да, бемалол илм-фанни трендга олиб чиқаверинг («Заковат»ни қутқаряпсиз, яхши, лекин бу ҳали илм-фанни трендга олиб чиқиш эмас). Ибн Сино-ю Улуғбекка ҳам олим, ҳам шоир бўлишида адабиёт халақит бермагани каби, сиз назарда тутаётган илм-фанни трендга олиб чиқишингизга ҳам у халақит бермайди. Фақат илм-фанни трендга олиб чиқиб ҳам олим авлод тарбиялай олмаймиз, чунки трендлар бир кўпик, холос, бугун бор, эрта йўқ.

Ҳақиқий илм-фанни ривожлантириш учун эса катта инвестиция ва амалий ишлар керак. Шундан гапиринг ундан кўра», – дея изоҳ қолдирган блогер.

«Ҳақиқатда илм майдонида жуда орқада қолиб кетяпмиз, ҳатто шимолий қўшнимиздан ҳам», дейди Azon.uz асосчиси Мубашшир Аҳмад мавзу юзасидан фикр билдира туриб.

«Тан олиш керак, унинг (Комил Алламжоновнинг – таҳр) фикрида жон бор. Ўзим кузатганим, Алишер Навоий ҳайкали (!!!) пойига гул қўйиб, бир неча шоирлар нутқ ирод қилганларидан (бу ҳар йили такрорланади) ва яна оркестр куй чалишидан (!!!) Навоий ёки у зотнинг таълимотларига қандай наф бўлар экан?

«Навоийхонлик кеча»лари ҳам, эътироф қилайлик, шунчаки, хўжакўрсинга ўтказилади. Шундай фойдасиз тадбирларга кетган маблағларни 5–10та ҳақиқий навоийхонни тарбиялашга сарфланса ва улар Навоий фикрларини ёйса, ана шунда ақли расолик қилинган бўлади.

Алламжоновнинг илмни трендга олиб чиқиш керак деган мавзулари, фикри ва куюнишини эса ҳамма қўллаб-қувватласа керак. Ҳақиқатда илм майдонида жуда орқада қолиб кетяпмиз, ҳатто шимолий қўшнимиздан ҳам.

Хуллас, биз кўпроқ фикр атрофида бирлашишимиз керак», – дея ёзган у.

Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ҳам мавзуга муносабат билдирди. У: «Шеър-у адабиётга тош отгувчиларга бир эслатма» сарлавҳали муносабат-пост билан чиқиш қилди.

«Агар юртга ёв бостириб кирса, мен адабиётни бир ёнга қўйиб, қўлимга қурол оламан. Ҳа, уруш замонида мен айнан шундай иш тутаман. Лекин тинч замонларда юксак адабиётсиз, юксак санъатсиз яшай бошласам, ташқаридан душманнинг бостириб кириши шарт бўлмайди, менинг ўзим ўша ёвга айланаман. Жамият ҳам шундай бўлади.

Шеърни, шеърхонликни, адабиёт-у санъатни менсимай гапиргувчиларга яна бир гапим: шоирдан шоирни, адабиёт-у санъатдан адабиёт-у санъатнинг фарқи бор: шундай шоирлар борки, улар туфайли шоҳлар ёдга олинади! Узоққа бормайлик, ана, шоҳ Байқаронинг исми асосан мутафаккир шоир Навоий сабабли эсланади, унутманг!» – дейди Улуғбек Ҳамдам.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев фонд раисининг фикрларини изоҳлади.

«Илм-фан, билимдонлик, умуман, ҳар жабҳада соҳани чуқур ўрганишни тренд даражасига олиб чиқиш ҳақидаги пост блогер Шаҳноза ва шоир Ботир Эргашевга тегиб кетибди.

Биринчидан, постда «адабиёт» сўзи ишлатилмади ҳам, назарда ҳам тутилмади. Ҳиссиётга берилманг. Aслида адабиёт катта илм ва биз буни жуда яхши тушунамиз. Лекин алломаларни фақат таваллуд кунлари арафасида ёппасига эслаб, тадбирбозлик қилишимиз, шу кунлари ёдланган икки мисра ғазал – бу илм ҳам, адабиёт ҳам эмас.

Ҳеч ким шеъриятга, ғазалхонликка қарши бўлаётгани йўқ. Масала бошқа ёқда.

Гап шеърият билан бир қаторда тарихга ҳам, тиббиётга ҳам, иқтисодга ҳам, физика-ю кимёга ҳам қизиқишни бирдек кучайтириш зарурлиги ҳақида кетяпти. Бизда шеъриятга эътибор бошқа йўналишларга қараганда анча юқори.

Яна бир фикрни таъкидлаб ўтиш ўринли бўлади, назаримда. Бундан бир неча йил олдин «Равон мингим келяпти, пахта тергим келяпти», деб шеър ёзган шоирга вилоятлардан бирининг ҳокими автомашина совға қилди. Шеъриятдан маддоҳлик йўлида фойдаланишга ўтиб кетмаслик лозим. Шеърият ўзининг асл маъно-моҳиятини йўқотмаслиги керак.

Ботир Эргашев «Комил Aлламжонов сиёсатга қарши», деб айтибди. Бу – жиддий айблов. Қонунда бу каби айбловлар учун жазо бор. Биз шубҳасиз сўз эркинлиги тарафдоримиз, лекин сўз эркинлиги ким нимани хоҳласа гапириши мумкин, қонунни бузиш мумкин, дегани эмас. Айтилган сўзга албатта жавоб бера олишни ўйлаш ва аввало, ўйлаб гапириш лозим.

Постни ҳовлиқмай, гапнинг мағзини чақиб ўқиб, кейин фикр билдиришга чақирамиз. Бу гап, айниқса, ўзини зиёли деб биладиган, сўздан сўзнинг фарқига бориши керак бўлган одамларга тегишли», – дея ёзди фонд матбуот котиби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Top