20:38 / 24.02.2021
4772
Чехия авиакомпанияси барча ходимларини ишдан бўшатишини маълум қилди

Чехия ҳаво йўллари раҳбарияти давлатдан 1,1 млрд крон (42,5 млн доллар) сўраган. Аммо мамлакат савдо-саноат вазири Карел Гавличек компанияга молиявий ёрдам берилмаслигини айтди.

Фото: novinky.cz

Чех ҳаво йўллари (CSA) авиакомпанияси коронавирус пандемияси сабабли йирик молиявий зарар кўрганлиги учун барча 430 нафар ходимини ишдан бўшатишини эълон қилди. Бу ҳақда Чехия авиация экипажлари аъзолари касаба уюшмаси раиси Тереза Леффелман маълум қилди, деб ёзмоқда Novinky нашри.

"CSA ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. Бундан биз ҳам хабардор қилинганмиз. Авиакомпания пандемия сабабли жуда катта зарар кўрди. Рейслар бекор қилингани учун самолётлар ва экипажлар тўхтаган", - деди Леффелман.

Унинг қўшимча қилишича, компаниядаги вазият қалтис ва акциядорлик жамияти ҳисобланувчи CSA давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлашига умид қила олмайди. 

Чехия ҳаво йўллари раҳбарияти компанияни қўллаб-қувватлашини сўраб мамлакат ҳукуматига мурожаат қилган. CSA давлатдан 1,1 млрд крон (42,5 млн доллар) сўраган. Аммо мамлакат савдо-саноат вазири Карел Гавличек компанияга молиявий ёрдам берилмаслигини айтди.

CSA ўтган йил ёзида 2021 йил февралигача 300дан ортиқ ходимини ишдан бўшатишини маълум қилганди. Ўшанда компанияда 700 нафарга яқин киши ишларди.

Авиакомпания ўз фаолиятини 1923 йилда бошлаган.

Top