15:32 / 25.02.2021
4165
Германия фуқароси Россия разведкаси учун ишлаганликда айбланмоқда

Таъкидланишича, айбланувчи бундестагга тегишли мулк тўғрисидаги маълумотни Россиянинг Берлиндаги элчихонаси ходимига берган.

Фото: AP Photo / Michael Sohn

Германия бош прокуратураси мамлакат фуқаросини Россия разведкаси билан ҳамкорликда ишлаганликда айблади. Айблов бош прокуратура сайтида эълон қилинди.

Маълум қилинишича, у ер ўлчайдиган қурилмаларни назорат қилиш ва таъмирлашга ихтисослашган компанияда ишлаган. Буюртмалардан бирида бундестаг фойдаланадиган ҳудудда ўрнатилган қурилмалар билан ишлаш кўзда тутилган. Ушбу шахс мазкур ҳудуд чизмалари акс этган PDF-файлларни қўлга киритган.

Таъкидланишича, айбланувчи 2017 йил июлдан сентябргача бўлган даврда бундестагга тегишли мулк тўғрисидаги маълумотни Россия махсус хизматларига беришга қарор қилган. У чизмалардан нусха олган ва Россиянинг Берлиндаги элчихонаси ходимига берган.

22 феврал куни Швеция фуқароси Россия фойдасига жосуслик қилишда айбланганди. Дастлабки маълумотларга кўра, 47 ёшли эркак Россия элчихонаси ходимига қандайдир маълумотларни берган ва бунинг эвазига уч минг долларга яқин пул олган.

Top